Аҳолига янада қулайликлар яратилади

2018 йилнинг 30 ноябрида Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор соҳадаги муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

2019 йилда вилоятимизда 1404 та намунавий уйлар қуриш режалаштирилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Дилшоджон Ҳожиаҳмедов. – Юқоридаги қарор ижросини таъминлаш борасида ана шундай уйлар, манзилли дастурга киритилган шаҳар, туман марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктларини сув билан таъминлаш учун сув захираларини аниқлаш бўйича гидрогеологик ишлар олиб борилади. Коммуникация тизимларини назорат қилиш вилоят ҳокимлиги мутасаддилари томонидан амалга оширилади. Бунга сув инспекцияси, “Сувоқава” давлат унитар корхоналари жалб қилинган бўлиб, қурилиш ва эксплуатацияга қабул қилишни улар назорат қилиб борадилар. Қува ва Олтиариқ туманларида ичимлик сувини гидрогеологик текширувлардан ўтказиш белгилаб олинди. Гидрогеологик хулоса билангина ичимлик суви тармоқларини қуриш мумкин бўлади. Куни кеча қабул қилинган бу ҳужжат жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, қишлоқ аҳолисини ичимлик ва оқава суви билан тўлиқ таъминлашга замин яратади. Қарорга кўра, вилоятимизга 2019-2020 йиллар учун 302 миллиард сўм маблағ аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилди. Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарларига яқин, шунингдек, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига киритилган ҳудудлар ҳам ичимлик ва оқава сув билан тўлиқ таъминланиши қарорда кўзда тутилган. Вилоят “Сувоқава” давлат унитар корхонаси бош пудратчи этиб белгиланиб, лойиҳа-смета ҳужжати асосида 14 миллиард сўмлик ишни сифатли қилиб бажариш лозим бўлади. Юқоридаги шаҳарларга яқин ҳудудларга 60 километр тармоқ тортилиши эвазига 332 мингга яқин аҳолини ичимлик суви билан таъминлаган бўламиз.

– 2019 йилда намунавий лойиҳа асосида қуриладиган уйларни ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш режамизга киритилган, –дейди вилоят “Сувоқова” корхонаси бош муҳандиси Тоҳиржон Сойибназаров. –  35 километр ичимлик суви тармоқлари, 34 километр оқава сув тизимини жорий этиш белгилаб қўйилган. Йилнинг бошида 76 фоиз аҳоли ичимлик суви билан таъминланган бўлса, ҳозирги кунда 500 километрга яқин ичимлик сув тармоқлари тортилиб, таъминланиш даражаси йил охиригача 84 фоизга етказилишига эришилди. Қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш мақсадида қурилиш-монтаж ишларини бажариш натижасида бу ишларни 90 фоизга етказиш назарда тутиляпти. Ҳужжатда шунингдек, сув таъминоти ва канализация соҳасидаги хизматлар сифатини, тармоқ корхоналари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш асосида ишончли молиялаштириш манбаларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Қарорга мувофиқ, Фарғона вилоятига ажратилаётган жуда катта маблағлар эвазига чекка-чекка жойлардаги аҳоли учун ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилади.