“Дўстлигимиз абадий бўлсин”

Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани ва Тожикистоннинг Конибодом туманининг бетараф чизиғи — “Ровот” назорат  ўтказиш пункти ҳудуди байрамона безатилиб, қизғин шодиёна тусини олди. Бу ерда ўзбек ва тожик халқининг орзиқиб кутилган кунлари — дўстлик учрашувлари бошланди. Баҳор шамолида Ўзбекистон ва Тожикистон байроғи ҳилпираб мазкур тарихий воқеага ўзига хос кўтаринки кайфият бағишлаб турибди.

Ўзбекистонлик вакилларни Тожикистон ҳудудида тожикистонлик аҳоли вакиллари иштирокида атлас либосли қизлар шарқона таомилга кўра нон-туз, ширинликлар билан кутиб олишди. Тинчлик рамзи сифатида кўкка оқ кабутарлар учирилди. Тожикистонлик  ёшлар тожик, ўзбек, инглиз ва рус тилларида тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат мавзусида шеърлар ўқишди.

Сўз Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга берилди.

Ҳоким бундан бир неча кун муқаддам Ўзбекистон ва Тожикистон Бош вазирлари учрашуви бўлиб ўтгани, икки давлат ўртасидаги чегара пунктларини очишга келишиб олинганини таъкидлади. Муҳим воқеа – “Ровот” назорат ўтказиш пункти очилиш маросими билан барча қатнашчиларни самимий муборакбод этди.

Шундан сўнг Сўғд вилояти Конибодом тумани раиси Ғайбулло Боҳирий сўзга чиқиб, таъкидладики,  ушбу пунктнинг очилиши икки давлат раҳбарлари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоновнинг сиёсий иродаси туфайли рўёбга чиқди. Эндиликда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий соҳалар ривожланади, қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланади. Ўзбек ва тожик халқини меҳмондўстлик, бағрикенглик, сахийлик фазилатлари бирлаштиради. Бугунги шодиёна аввалги алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради.

Бугун мен учун катта хурсандчилик, – дейди Бешариқ тумани Ворух қишлоғи меҳнат фахрийси Инобатхон Отажонова. – Қариндошларим Тожикистоннинг Зархок қишлоғидан келишиб уйимизда меҳмон бўлиб кетишди. Бу эса пунктнинг очилиш имконияти туфайлидир.

– Роппа-роса ўн йилдан буён қариндошларимиз билан учраша олмаётган эдик, – дейди Раънохон Мирзаева. – Равот қишлоғилик яқинларимиз билан дийдорлашиш бахти насиб этди. Узоғимиз яқин бўлди.

Бундай хурсандчилик, миннатдорчилик изҳорларини конибодомлик Моҳира Набиева ва Зоҳида Гулхоновалар ҳам мамнуният билан таъкидлашди.

Шундан сўнг тожикистонлик дўстларимиз Ўзбекистон ҳудудига  таклиф этилдилар. Меҳмонларга иззат-икром кўрсатилди. Вилоятмиз санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.