Ашёвий далил билан

Давлат чегарасини ноқонуний равишда бузиб ўтиш орқали чет элга чиқиш оғир жиноят. Республикамиз ҳудудига кириш, чиқиш ва чегарадан ўтишнинг қатъий тартиблари бор.

Ўз навбатида, хорижий давлатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорлик, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, чегаралар дахлсизлигини сақлаш, жиноятларнинг олдини олиш мақсадида чегара, божхона, санитария-карантин, ветеринария ва бошқа турдаги назоратни ўтказиш учун мамлакатимизда барча шарт-шароитлар яратилган.

Аммо мавжуд қонунларни менсимасдан, қонунларга хилоф равишда вақтинча чет мамлакатда яшаш ёки ишлаш, тижорат ва савдо мақсадида черагани бузиб ўтаётганлар афсуски учраб турибди.

Файзуллохон Исаханов Қирғизистон Республикасида яшовчи таниши Муродил билан ҳамкорликда бир неча йиллардан буён савдо-сотиқ бўйича алоқа қиларди. Лекин уларнинг муносабати кейинчалик ноқонуний тус олди. Жорий йилнинг февраль ойида Файзуллохон Муродил томонидан юборилган уяли телефон аппаратлари, диск ва видео кассеталарни Фарғона тумани Водил қишлоғи билан кесишган чегара айланма йўлида қабул қилиб олади ва ўз бошқарувидаги “Жентра” автомашинаси салонига жойлаштиради. Ушбу моддий товарларни келгусида Тошкент шаҳрига олиб бориб сотишни режалаштиради.

Ф.Исахановнинг Марғилон шаҳар Зарафшон кўчасида жойлашган хонадонида тинтув-тергов ҳаракатлари ўтказилганида, у томонидан божхона назоратини четлаб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз сақланаётган 413 дона уяли телефон аппарати, 101.250 дона DVD диск ва 5.000 дона мини видеокассеталар борлиги аниқланган ва ашёвий далил тариқасида олинган.

Фарғона шаҳар “Continent Imkon Baho”  масъулияти чекланган жамиятининг 2018 йил 14 февраль кунги 119-сонли ҳисоботига кўра, Ф.Исахановнинг хонадонидан ашёвий далил сифатида олинган товарларнинг умумий қиймати 657.692.340 сўмни ташкил этган.

Ушбу ҳолатга нисбатан жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида ҳукм ўқилди. Айбдор Ф.Исахановга энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. 21 турдаги жами нархи 657.692.340 сўмлик товар моддий қимматликлари давлат фойдасига ўтказилди.

Чегара – ватан остонаси. Ўз халқини, Ватанини ҳурмат қилганлар уни бузиб ўтишга ҳаракат қилмайди. Зеро, адолатли жамиятда бундай қонунбузарликлар асло кечирилмайди.