Бош қомусимиз – мустақил мамлакатимиз кўзгуси

Жамиятимиздаги ҳар қайси фуқаронинг ҳаётида содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар мамлакатимизнинг Бош қомусида белгилаб қўйилган талаб ва қоидаларнинг амалий ифодаси туфайлидир.

26 йилдирки, Конституциямиз Ўзбекистонда тинчлик-хотиржамликни, сиёсий барқарорликни, ижтимоий тотувликни, иқтисодий тараққиётни, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишини таъминлаб келмоқда. Ҳар йили 8 декабрь бутун юртимизда катта тантана қилиниши том маънода юртдошларимиз учун саодат йўлини кўрсатган қутлуғ сана эканлиги билан диққатга сазовордир.

Шарқий ҳарбий округнинг маънавият ва маърифат марказида ана шу муҳим санага бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятимиз фаоллари, депутатлар, сенаторлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари,  кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тантанали байрам тадбирини вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев очиб, Конституциямиз ёрқин келажагимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тинчлик ва тараққиёт, Ватан озодлигини кафолатлаб берган муҳим ҳужжат, ҳар биримизнинг ғурур ва фахримиз эканлигини таъкидлади. Қутлуғ сана билан йиғилганларни самимий табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Тадбирда маъруза қилган вилоят прокурори Садриддин Турдиев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг узоқ даврлардан буён синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларини ўзида мужассам этган ҳужжат эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, унда халқимизнинг узоқ асрлардан бери шаклланиб келаётган миллий тафаккури, муқаддас қадриятлари ўз аксини топганини, халқимиз кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, бағрикенглик, мардлик каби улуғ ҳислатлар ўрин олганини эътироф этди.

Анжуманда Президентимизнинг 2017 йил 13 июлдаги “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига асосан бир гуруҳ юртдошларимиз тақдирланди. Вилоятимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг 36 нафар вакиллари ана шундай юксак шарафга сазовор бўлди.

Жамиятда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, истиқлолга садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, фаол, ташаббускор маҳалла фуқаролар йиғинлари вакилларига кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

– Маҳалла фуқаролик жамиятининг миллатимизга хос ноёб тизимидир. Унда фаолият кўрсатиш катта масъулиятни, фидойиликни талаб этади, – дейди Сўх туманидаги Чумоқча маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Ходжамов. – Бугунги юксак эътироф бутун маҳалламизга берилган баҳо деб биламан. Президентимизнинг бу ишончига муносиб бўлишга астойдил интиламиз. Маҳалламизни ҳар томонлама ривожлантириш, уни намунали ҳудудга айлантириш йўлида янада қатъият билан меҳнат қиламиз.

Мукофотланган юртдошларимиз номидан Қўқон шаҳридаги Қаймоқлигузар МФЙ раиси Матлуба Содиқова ва Марғилон дарвоза МФЙ раиси Ибрагим Фозилов, Бувайда туманидаги Жалоер МФЙнинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Феруза Алиёрова, Риштон туманидаги Бўстон МФЙ раиси Адҳамжон Собировлар ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.

– Юртимизда бўлаётган муҳим ўзгаришлар, фуқароларимизнинг давлатимиз тараққиёти йўлидаги фаоллиги, турли соҳаларда қўлга киритилаётган оламшумул ютуқлар, аввало, Бош Қонунимизнинг тарихий аҳамияти ва қадр-қимматини янада оширяпти, – дейди мукофотланган юртдошларимиздан яна бири, Фарғона шаҳридаги Ал-Хоразмий МФЙ раиси Онорахон Абдухалилова. – Ҳудудимизда мавжуд 1816 хонадон вакиллари юртимиздаги ислоҳотларда ўзини дахлдор деб билади. Тараққиётимиз ва атрофимиздаги бунёдкорликлар учун муҳтарам Президентимиздан миннатдормиз.

Анжуманда мустақилликни, Ватанни улуғловчи, тинчликни тараннум этувчи қўшиқлар янгради. Вилоятимиздаги таниқли санъат усталари иштирокидаги бадиий дастур барчага манзур бўлди.