Фарғонада “Дўстлик спартакиадаси”

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш, мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда жорий йилнинг 20 сентябрь куни Президентимиз раислигида ўтказилган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда алоҳида таъкидлаб ўтилган эди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида 29 ноябрь – 4 декабрь кунлари “Дўстлик спартакиадаси” бўлиб ўтди.

Фарғона давлат университети ўйингоҳида мусобақанинг тантанали очилиш маросими Давлатимиз мадҳияси билан бошланди.

Мусобақа вилоят ҳокимлиги тизимидаги бошқармалар, корхона ва ташкилотлар, идоралар раҳбарлари ҳамда ишчи ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, оммавий спортга кенгроқ жалб этишга қаратилгани билан эътиборлидир.

Спартакиада спортнинг футбол, шахмат, шашка, бадминтон ва стол тенниси турлари бўйича ўтказилди. Жумладан, футбол бўйича бахслар “Нефтчи” клуби қошидаги футбол академиясида (финал босқичи ФарДУ стандионида), бадминтон бўйича беллашувлар гимнастикага ихтисослаштирилган вилоят болалар ва ўсмирлар спорт мактабида, стол тенниси “Кимёгар” спорт мажмуасида, шахмат ва шашка бўйича баҳслар вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби (“Истиқлол” теннис корти)да ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида вилоятимизнинг ёш спортчилари иштирокида тайёрланган кўргазмали чиқиш намойиш этилди. Мусиқий дастурлар барчага хуш кайфият улашди.

Мусобақа ғолиб ва совриндорларига вилоят ҳокимлигининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилади.