Қўли гул қўқонликлар

Қўқондан қадимда Буюк Ипак йўли карвонлари ўтиб, маҳаллий ҳунармандларнинг маҳсулотларини бутун дунёга намойиш қилган.

Қўқонлик уста ҳунармандлар тайёрлаган буюмлар дунёнинг ҳар бир бурчагига етиб борган. Маданиятлар алмашинуви натижасида шаҳарда ҳунармандчиликнинг турли соҳалари ривожланиб борган.

Муҳтарам Президентимизнинг Халқаро ҳунармандчилик фестивалини Қўқон шаҳрида ўтказиш ҳақидаги қарори ҳунармандларга катта ғайрат-шижоат бахш этди, – дейди Қўқон шаҳар бош архитектори Муҳиддин Умаров. – Шаҳарда аллақачон фестивалга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Қадимда Қўқон шаҳридаги бозорларни одамлар жаҳон бозори, деб атаганлар. Шу боис дунёнинг ҳар еридан савдогарлар келиб олди-сотди ишларини амалга ошириб келишган. Бозорлар атрофида жуда кўп карвонсаройлар жойлашган. Савдогарлар учун вақтинчалик турар-жой ва меҳмонхоналар фаолият юритган. Бугун эса ана шундай карвонсаройлар ўрнига  дунёнинг ривожланган давлатларидаги сингари  замонавий меҳмонхоналар қуриш режалаштирилмоқда.

Латиф шаҳарда  кўплаб  ипакчи, заргар, мисгар, ганчкор ва ўймакор усталар қадим анъаналарни давом эттириб, янги усуллар билан ҳунармандчилик ривожига ҳисса қўшмоқдалар.

 Маълумки,  ёғоч ўймакорлиги Қўқон шаҳрида азалдан  тараққий этган ҳунарлардан бири, – дейди ҳунарманд Музаффар Собиров. – Айниқса, ёғочга ишлов бериш, ганжкорлик, ёғочга ислимий нақшлар ишлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бугун Қўқон ҳунармандчилиги сирларини ўзбек йигитларигина эмас, корейс миллатига мансуб кишилар ҳам алоҳида эътибор билан ўрганаётганликлари қувонарлидир.

Корейс йигити Богдан Гаврилов Қўқон шаҳрида туғилиб ўсди. Шаҳардаги қадимий обидалар уни болаликдан ўзига тортди. Айниқса, ёғоч ўймакорлигини санъат даражасига олиб чиққан уста ҳунармандларнинг ишларини кўриб, ҳаваси ошарди. Ана шу қизиқиш уни ўзбек миллий ҳунармандчилигини  ўрганишга ундади.

Ўзбек ҳунармандчилиги намуналарини 2019 йилнинг сентябрида ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида бутун дунёга намойиш қила олиш имконияти туғилганлигидан хурсандман, – дейди Богдан Гаврилов. – Ана шу фестиваль кўргазмалари учун ўзимнинг махсус бир туркум ишларимни тайёрлаб бормоқчиман. Нуфузли фестивалга шаҳримизда катта тайёргарлик кўрилаётгани, Қўқоннинг кундан-кунга янада чирой очиб бораётганлиги бугун ҳар бир қўқонликка фахр ва ғурур бағишламоқда.