Ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш

Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг  2018 йил 27 июндаги  5466-сонли Фармони ва  Вазирлар Маҳкамасининг  2018 йил 16 августдаги 669-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг асосий мақсади — Давлат дастури доирасида ёшларнинг бизнес ташаббуслари стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали иш ўринларини ташкил этиш, ёш тадбиркорлик субъектларини имтиёзли кредит билан таъминлаш ва лизинг хизматларини кўрсатишдан  иборат.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Риштон туман Кенгашининг Ёшлар марказида “Ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” мавзусида ўтказилган ҳафталик юқоридаги хужжатлар ижросига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ҳафталик доирасида Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси туман филиали туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ёшларнинг билим олиши, ўз устида ишлаши, етук ва малакали мутахассис кадр бўлиб етишиши ҳамда иш берувчи корхоналарнинг ўзларига муносиб ишчиларни топишларига кўмаклашиш асосий вазифа қилиб қўйилди. Шу мақсадда ҳафталикнинг дастлабки куни “Ёш мутахассис — келажак бунёдкори” шиори остида ёш мутахассислар ва иш берувчи корхоналар ўртасида учрашув ҳамда “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг тақдимоти ташкил этилди.

Учрашувга жамғарма томонидан имтиёзли кредитлар олган ёш тадбиркорлар ҳамда иш ўринларига эга ташкилотлар вакиллари таклиф қилиндилар.

Элмурод Алижонов — “Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш” йўналиши бўйича имтиёзли кредит олган ёш тадбиркор. “Тўраобод” МФЙ ҳудудида жойлашган “Тўда нонлари” оилавий корхонаси раҳбари.

-Корхонамиз фаолият бошлаганига эндигина бир ойдан ошди. Нон ва печенье маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Ишни қишлоғимиздаги бўш турган бинони ноль қийматида сотиб олишдан бошлаганмиз. Бунда бизга ёш тадбиркорларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келаётган туманимиз ҳокими Тавакалжон ака Раҳимов ва  иш фаолиятини йулга қўйишда  имтиёзли кредит олишга  “Yoshlar – kelajagimiz”  жамғармаси Риштон туман филиали раҳбари Муҳиддин  Ходжараҳмоновлар  катта ёрдам бердилар.

Авваллари “Тўда” ММТП гаражи бўлган мазкур бино бизнинг мулкимиз бўлгач, эски хоналарни таъмирладик. Туман “Миллий банки”дан 36 миллион 320 минг сўм имтиёзли кредит олдим. Ўзим ҳам 50 миллион сўм сармоя киритиб, яна иккита қўшимча хона қурдик. Айни кунларда 3 нафар ишчи билан фаолиятимизни йўлга қўйганмиз. Цехимизни янада кенгайтириб, иш ўрнини 8 тага етказиб, торт, ширикликлар ва янаги йили баҳорга чиқиб макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз.

Ҳозир кунига 9-10 қоп ундан 1200-1300 та қолипли нон ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотларни Тўда қишлоғидаги савдо дўконларига етказиб беряпмиз. Бундан ташқари Бағдод тумани ва Қўқон шаҳрига ҳам олиб бериб сотяпмиз. Яқин кунларда хориждан турли ширинликлар ишлаб чиқариш дастгоҳни олиб келишни режалаштириб турибмиз.

Гулчеҳра Шахобиддинова – “Рус-узбектекс” хорижий корхонаси кадрлар бўлими бошлиғи:

– Корхонамизда пахтани калава ип қилиб ишлаб чиқарамиз. Бир сменада 75 нафар аёллар ва қизлар ишлайди. Ҳозир асосан йигирув бўлимига аёлларни, коллеж битирувчи қизларини ишга оляпмиз. Шу мақсадда коллежларга бориб, ўқувчи қизлар билан суҳбатлар ўтказяпмиз. Вилоят миқёсида ўтказиладиган меҳнат ярмаркаларида ҳам қатнашиб, корхонамизни тарғиб қиламиз. Бугунги кунда корхонамизда 50 дан ортиқ вакант иш ўрни бор. Бунинг учун нафақат аёллар, шу билан бирга уста ёрдамчилари, ёрдамчи бўлимларга слесарлар, механик созловчилар, чилангарлар ҳам зарур. Сменадаги ишларга 19 ёшдан 50 ёшгача бўлган аёллар, қизлар салоҳиятига қараб олинади.

Янги ишга қабул қилинганлар албатта, тажрибали операторга шогирд қилиб бириктириб қўйилади. Улар синов муддатида 10 кундан бир ойгача шогирд бўлиб иш ўрганади. Уларнинг ойлик маоши 450-470 минг сўм атрофида.

Корхонада ишловчилар учун бир маҳал овқатланиш корхона ҳисобидан амалга оширилади. Шу билан бирга ишга келиб-кетиши учун ҳам график асосида бепул автотранспорт ажратилган. Ўн кунми, бир ойми – ишчининг ишлаб кетиш салоҳиятига қараб малака разряди ҳам ошириб борилади.

Хорижий корхонамизда йигирув бўлими ишбай. Шунинг учун шогирдлик муддатини ўтаган ва малака оширган ишчига мустақил йигирув машинаси топширилади. Ишчи қобилияти, салоҳияти ва имкониятига қараб хоҳласа иккита, хоҳласа учта машинада ишлаши мумкин. Қанча кўп машинада ишлаб, кўп маҳсулот топширса маоши ҳам шунга қараб ошиб бораверади. Бундан ташқари соатбай ишлайдиган тайёрлов бўлимда 4-,5- ва 6-разрядлар мавжуд бўлиб, ишчилар шу разрядга қараб ойлик олишади.

Муродил Ўктамов – якка тартибдаги тадбиркор. Ёғочни қайта ишлаш корхонаси раҳбари

Икки йилдан буён эшик, ром ва дераза ишлаб чиқарамиз. Мижозларимизнинг буюртмаси асосида ҳам иш бажарамиз. Кўз тегмасин, маҳсулотларимиз харидоргир, туриб қолмайди. “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг ташкил этилгани мен каби тадбиркорларнинг орзу ниятларини амалга оширишга қанот бўлди. Шу йили жамғарманинг туман филиали ёрдами билан “Миллий банк”дан берилган 150 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига кўп вазифаларни сифатли бажара оладиган янги, замонавий дастгоҳ сотиб олдим. Ишимиз анча енгиллашди, маҳсулотимиз сифати ҳам ошди.

3 нафар йигитларим билан харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариб, вилоятимизнинг бошқа туманларидаги бозорларга ҳам олиб бориб сотяпмиз.

“Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг туман филиали фаолият олиб бормоқда.

-Филиалимиз томонидан жорий йил сентябр-октябр ойларида ёш тадбиркорлардан 10 нафарига 999 млн. 320 минг сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди, — деди жамғарманинг Риштон туман филиали раҳбари Муҳиддин Ходжараҳмонов. – Булар — асаларичилик йўналишида Зарнигор Акбарова 24 млн. сўм, ҳунармандчилик (кулолчилик) йўналиши бўйича Жавоҳир Муҳаммаджонов 150 млн. сўм, Содиржон Носиров 20 млн. сўм,  Хадичахон Хошимжонова 55 млн. сўм, музлаткич агрегати сотиб олиш учун Муҳаммадёсин Муҳаммадов 190 млн. сўм, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари (семичка)ни қадоқлаш дастгоҳи сотиб олиш учун Саидмумтоз Соҳибов 150 млн. сўм кредит олишиб, фаолиятларини янада ривожлантириш пайида бўлишмоқда. Бу билан мазкур корхоналарда 31 та қўшимча иш ўринлари яратилиб, уюшмаган ёшларнинг бандлиги  таъминланди.