Ютуқлар салмоқли

Вилоятимизда байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт тури кейинги вақтларда анча ривожланиб,  унда шуғулланувчилар сони ортиб бораётгани қувонарли ҳол. “Roving L cenoe” федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бўлими спортчилари учун 2018 йил  омадли кечди. Индонезия  давлатининг Жакарта  ва Палембо  шаҳарларида  ўтказилган  Осиё  ўйинларига   вилоятимиздан уч нафар спортчи – каноэ бўйича Элёр Мамадалиев, байдарка бўйича Шоҳруҳ Аъзамов ва Жавоҳир Нурматовлар йўлланмани қўлга киритдилар.Ушбу мусобақада Э.Мамадалиев ва  Ш.Аъзамов  фахрли иккинчи, учинчи ўринни эгаллашди.

Жорий йил 20-25  октябрь кунлари  Самарқанд шаҳрида эшкак эшиш бўйича 23 ёшгача бўлган ўсмирлар, қизлар ўртасида Осиё чемпионати ва кубоги мусобақалари ўтказилди. Мусобақада вилоятимиз терма жамоа аъзоларидан 8 нафари фаол иштирок этишди. Осиё чемпионатида  икки кишилик ва 4 кишилик байдаркада  Ш.Аъзамов,  Ж.Нурматовларга 500 ва 1000 метр масофаларда ғолиблик насиб этди. Осиё кубоги беллашувида эса  каноэда 2 кишилик қайиқда  Хумоюн  Туронов, Камрон Актамовлар иккинчи ўринни забт этишди.

Осиё кубоги баҳсларида  4 кишилик  байдаркада 500 метр масофада Садоқат Розиқова, Гулжаҳон Иброҳимова, Наргиза Охунжонова, Сурайё Абдулазизовалар  ҳам  иккинчи  ўрин  ҳамда  кумуш медаль билан тақдирланди.  Буэнос-Айрос шаҳрида  шу йилнинг октябрь ойида  ўтказилган ёшлар  Олимпиадасида   вилоятимиз  вакили  Исломбек Абдусаломов иштирок этиб,  шохсупанинг  иккинчи поғонасига кўтарилди.

Айни кунларда спортчиларимиз  бош  мураббий  Носиржон  Холиқов,  мураббийлар  Нуриддин  Янгибоев, Соҳибжон Маматқулов, Муҳриддин Иргашев ва  Қаюмжон  Садирдинзодалар  раҳбарлигида 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган  Олимпиадага  йўлланмани қўлга киритиш учун пухта тайёргарлик кўришмоқда.