Жиноят занжирига ўралган аёл

Жамиятда тинчлик ва хотиржамликни мустаҳкамлаш учун жиноятчиликнинг олдини олиш, бу йўлда лоқайдликни бартараф этиш зарур.

Шу ўринда бугунги куннинг оғриқли масалаларидан бири аёллар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишларни жонлантириш юзасидан мутасадди идоралар, жамоат ташкилотларига аниқ вазифалар юклатилган. Лекин айрим хотин-қизларнинг суд залида жавоб бераётганини кузатиб уларнинг оиласи ва фарзандлари тақдири ҳақида ҳам ўйлайсан киши.

3 нафар фарзанднинг онаси бўлган Гулчеҳра Ташбалтаева ўз қилмишлари туфайли суднинг қора курсисида бир эмас, бир неча маротаба жавобгарликка тортилган. Кейинги жиноятлари учун амнистия акти туфайли озодликка чиққан бўлсада, ўз хатоларидан тегишли хулоса чиқармади.

Г.Ташбалтаева илгари Қувасой шаҳар архитектура бўлимида мутахассис, шаҳар Ермулк кадастр корхонасида мутахассис, шаҳар ҳокимлигида уй-жойларни тақсимлаш бўйича бўлим бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган. Афсуски, ўз касбида тўплаган тажрибасидан у эзгу мақсад йўлида фойдаланмади.

Судланувчи 2015 йилнинг ноябрь ойида содир этган фирибгарлик жинояти учун (бу иш юзасидан суднинг айблов ҳукми чиққан) тегишли тартибда жавобгарликка тортилмаган ҳолда такроран фирибгарлик қилди. С.Норматов яшаш учун уй сотиб олмоқчи эканлигини, уни қайнонаси номига расмийлаштириб бермоқчилигини айтганида Гулчеҳра кўнглида ўзича режалар тузди. Норматовга “ёрдам бериш” мақсади билан шаҳарнинг А.Азизов кўчасидаги Надежда Гилева номида бўлган 213-уйнинг 39-хонадонини ўзиники қилиб кўрсатди. Хонадон соҳибасининг Россия Федерациясига кўчиб кетганлиги унга қўл келди. Г.Ташбалтаева шу тариқа С.Норматовнинг 3.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритди.

Албатта, хонадон олди-сотди ҳужжатларини расмийлаштириш осонликча битиб кетавермасди. Г.Ташбалтаева гўёки хонадон эгаси Н.Гилева уйни сотганлиги тўғрисидаги олди-сотди шартномасини қалбакилаштириб, “Зийнат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Х.Алиевани бунга ишонтиради. Сотиб олинган хонадонда С.Норматовнинг қайнонаси М.Сабирова яшаб келаётгани тўғрисидаги далолатномани қўлга киритгач, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига М.Сабирова номидан олди-сотди шартномасини тузганлик фактини белгилаб бериш бўйича ариза орқали мурожаат қилади. Ишлар унинг назарида силлиқ кечаётган эди. Чунки суд томонидан 2016 йилнинг 22 декабрь куни хонадон олди-сотди шартномаси фактини белгилаб бериш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг қабул қилиниши унинг кўнглидагидек бўлди.

Афсуски, Г.Ташбалтаеванинг бу жиноий ҳаракатларига барҳам берилди. Тергов-суриштирув жараёни ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, далиллар орқали унинг жинояти тўлиқ фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар суди айбдорни 3 йил муддатга белгиланган вақтда ўз яшаш жойидан ташқарига чиқмаслик тарзидаги озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди. Етказилган моддий зарар жабрланувчилар фойдасига ўтказилди.

Х.ХАЙДАРОВ,

Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги

тергов бўлими катта  терговчиси, майор.