Мурувват тадбирлари

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14-октябрдаги қарорига асосан ҳар йили 3 декабрнинг “Халқаро ногиронлар куни” сифатида кенг нишонланиши юртимизда истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган фуқароларга  ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг Фарғона шаҳридаги 21-мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган болажонлар билан яқиндан мулоқоти, келтирилган совғалар тарбияланувчиларнинг ёдида бир умрга муҳрланиб қолади.

Мактабгача таълим ёшидаги айрим нуқсонлари бор болажонларга, ўғил-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, уларни соғломлаштириш йўлидаги саъйи-ҳаракатлар албатта, келажакда ўз самарасини беради.

Фарғона шаҳридаги “Мурувват” уйида ҳам байрам тадбирлари ташкил этилди. Вилоят раҳбари бу ерда истиқомат қилаётган болажонларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, уларга совға-саломлар улашди.

– “Мурувват” уйида кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламдаги капитал реконструкция, ободончилик ишлари, имконияти чекланган болажонларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан далолат, – дейди муассаса директори ўринбосари Нигора Маматусмонова. – Вилоят ҳокими, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва қатор ташкилотлар раҳбарларининг интернат уйимизда бўлиши болаларимиз қалбига бир олам қувонч бағишлади.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Фарғона шаҳридаги 86-махсус ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ҳам бўлиб, болажонлар иштирокида тайёрланган дастурни мароқ билан томоша қилди. Имконияти чекланган болаларнинг Ватан, она юрт, тинчликни мадҳ этувчи шеърлари, Президентимизга билдирган миннатдорчилик изҳорлари жаранглади. Болажонларга  вилоят хокимлигининг байрам совғалари тақдим этилди.

Фарғона шаҳридаги “Тожмаҳал” мажмуасида ташкил этилган тадбирда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга берилаётган эътибор, ғамхўрликлар хақида сўз юритилди. Вилоят хокимлигининг тадбир иштирокчиларига совғалари, фахрий ёрлиқлари топширилди.

Тадбирда юртдошларимиздан бир гуруҳига Президентимиз томонидан таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Индонезиянинг Жакарта шахрида бўлиб ўтган паролимпия спорт мусобаларида иштирок этган фарғоналик ёш спортчилар ҳам совғаларга эга бўлишди.

Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раҳбарлари таълим муассасаларига бордилар. Марғилон шаҳридаги 37-давлат мактабгача таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ нуқсони бор болалар таълим-тарбия олишади. Меҳмонлар боғчада тарбияланаётган ўғил-қизлар билан суҳбат қуришди. Кичкинтойларга совғалар берилди.

Марғилон шаҳридаги 22-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ҳам таълим-тарбия олиш давлат дастурлари асосида йўлга қўйилган. Сана муносабати билан мактабда таҳсил олаётган болажонларга совғалар тақдим қилиниши уларнинг кичик кўнгилларини тоғдек кўтарди.

Қувасой шаҳрида “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди” шиори остида ўтказилган “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” деб номланган тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларга совғалар ва аравачалар тақдим этилди.

Қувасой шаҳридаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида икки қаватли, 16 та хонадондан иборат уй тўлиқ реконструкциядан чиқарилиб, эҳтиёжманд ва имконияти чекланган шахсларга хонадонлар калитлари кенг жамоатчилик иштирокида тантанали равишда топширилди.

Уйнинг 1-қаватида чевархона ташкил қилиниб, ногиронлиги бор хотин-қизлар бу ерда ҳунар ўрганиб, иш билан ҳам таъминланади.

Ўғилой ва Аъзамжон Абдуллаевлар ҳам ана шундай хонадонлардан бирига эга бўлишди. Улар кўрсатилган бундай ғамхўрликдан миннатдор.

Фарғона вилояти прокуратураси  ташаббуси билан Ўзбекистон, Бешариқ , Фурқат туманлари  ва Қўқон шаҳрида ҳайрия тадбирлари бўлиб ўтди.

Тадбирлар доирасида  Ўзбекистон туманида истиқомат қилувчи  якка-ёлғиз Мақсудахон Тошматова, Фурқат тумани Айритом қишлоғида яшовчи туғма ногиронлиги бор Қурбоной Узоқова ва Шукрулло Деҳқоновларга  меҳр-мурувват  кўмаклари кўрсатилди.

Фурқат тумани прокуратураси  томонидан 20 нафар ногиронларга  аравачалар  етказиб берилди. Бешариқ туманида 30 нафар ногиронлиги бўлган болаларга қиш мавсумига зарур кийим-кечаклар ажратилди ва 50 нафар болалар оилаларига истеъмол ва озиқ-овқат маҳсулотлари  олиб борилди.

Фарғона вилояти бўйлаб мутасадди ташкилотлар, ҳомийлар томонидан эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган фуқароларга зарур жиҳозлар тақдим этилди ва мурувват тадбирлари давом этмоқда.

 Жаҳонгир МИРЗАМАТОВ олган сурат.