Ҳамкорликнинг янги истиқболлари

Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон ҳамкорлиги изчил ривожланиб бормоқда ва мазкур алоқаларни  стратегик ҳамкорлик дея баҳолаш мумкин.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 3 декабрь куни вилоятимизга ташриф буюрган Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Қулиев ҳамда Озарбайжоннинг Исмоил шаҳри маъмурияти раисининг биринчи ўринбосари Равшан Агаевни қабул қилди.

Қабул чоғида вилоят ҳокими ҳар икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари, ўзаро ҳамкорлик ришталарининг мустаҳкамланишига замин яратаётганини, халқаро ва минтақавий долзарб масалалардаги ўзаро мос қараш ва ёндашувларга амал қилиб келинаётгани, халқларимизнинг ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар, ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаганлигини алоҳида таъкидлади.

Элчи жаноблари қабул учун миннатдорчилик билдириб, айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт-коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланаётганини айтиб ўтди.

– Беш йилдирки, Ўзбекистонда яшаб, халқларимизнинг орзу-умидлари, истиқболдаги режалари қанчалик уйғун эканлигини теран ҳис этдим,  –дейди элчи жаноблари. – Хусусан, Фарғона  водийси,  унинг маркази бўлган вилоятингиз ҳақида гапирадиган бўлсам,  бу ерда кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар инсон манфаатларига, унинг турмуш даражаси юксалишига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Вилоятнинг тарихий масканларидан бири Риштон ҳамда Озарбайжоннинг туризм, илм-фан, маданият ривож топган Исмоил шаҳрининг ўзаро биродарлашган ҳудудларга айланиши ҳамкорликдаги мақсадларимизнинг руёбига хизмат қилади.

Қабулда туризмни ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар борлиги, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш халқларимизни янада яқинлаштириши қайд этилди.

– Бир-бирига уйғун, ўхшаш шаҳарларимиз, ҳудудларимиз кўплиги мени мамнун этади, – дея таъкидлаб ўтди Р.Агаев. – Чунки   дили, маданияти, маънавияти бир-бирига ғоят яқин қардошлармиз. Исмоил шаҳри Озарбайжоннинг минг йиллик тарихга эга шахарларидан бири. Ушбу ҳудудда туризм,  илм-фан, инновация ғоят ривож топган. Туб аҳоли асосан ҳунармандчилик билан шуғулланади. Мисгарлик ёшларимиз ўртасида ҳам кенг тарқалган ҳунарлардан бири. Риштон тарихи, бугунги куни билан яқиндан танишиш мақсадида келдик. Ўйлаймизки, ҳунармандчилик ривожланган ушбу ҳудуд билан ижтимоий ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик  кутилган самарани беради.

Қабул  сўнгида вилоятимиз раҳбари меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди.