Хорижга чиқиш белгиланган тартибда, тегишли қонун ҳужжатларига асосан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари кириш визаси талаб этилмайдиган мамлакатлардан ташқари, хорижга вақтинча ва доимий яшашга чиқиши учун чет элга чиқиш рухсат ёзувининг ёпиштириладиган стикерини расмийлаштириши талаб этилади. Айрим фуқароларимиз ушбу қоидани билсаларда, чиқиш учун виза талаб этиладиган давлатларга қўшни республикалар орқали қонунларимизни бузиб бормоқдалар.
Хусусан, фарғоналик Мухлиса Икромова (исм-шарифлар шартли равишда ўзгартирилган) тенгдошлари каби ҳою ҳавасга берилди. Четда ишлаб келиб, бой бўлиш хаёллари унга ҳеч тинчлик бермади. Ўйлаб-ўйлаб қатъий тўхтамга келди ва Туркия давлатининг Истанбул шаҳрига отланди. Аммо хорижга чиқиш учун ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштиришдаги «оворагарчилик»лар унга малол келиб, қонунга хилоф равишда иш тутди.
Мухлиса 2016 йилнинг ноябрь ойида амалдаги қонунчиликка риоя этмай, яъни виза рухсатномаси олмасдан Россия Федерациясидан Истанбул шаҳрига йўл олади. Мухлиса бу шаҳардаги ошхоналарнинг бирида бир йилдан ортиқ ишлаб, жорий йилнинг 14 март куни юртимизга қайтди.
Ҳеч бир шаҳар бедарвоза эмас. Ҳар қандай қилмишнинг кун келиб «мис»и чиқиши тайин. М.Икромованинг қилмишлари халқаро аэропортнинг паспорт назоратидан ўтаётган вақтида ошкор бўлди. Бунга эътибор қилмаган «ишбилармон хоним»га жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди томонидан тегишли жазо тайинланди.
Эндигина йигирма уч ёшга тўлган қиз ваколатли давлат идораларига мурожаат қилмасдан хорижга чиқиш тартибини бузди. Энди у қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, қонунларга риоя қилиб ҳаётини давом эттиришини истар эдик.
Шерзод ШОДМОНОВ,
Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортнинг
жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими
тергов бўлинмаси терговчиси.