Вилоятимизда мева-сабзавотлар экспортини ошириш

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан ҳар йили эълон қилинадиган “Бизнес юритиш” рейтингини аниқлаб берувчи сўнгги ҳисоботда мамлакатимиз бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигидан жой эгаллади.

Бу муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тадбиркорлик фаолиятини юритишда инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш, халқаро ҳуқуқ ва меъёрларга риоя этишга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий самарасидир.

Ҳаётбахш ислоҳотларнинг бугунги янги босқичида вилоятимизга халқаро молия институтлари томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар салмоғи тобора ортиб бораётгани эътиборга лойиқ.

Бу эзгу ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилиши учун Ўзбекистон Республикаси Агросаноат мажмуи  ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги томонидан кўмаклашилмоқда.

2018 йилнинг ўтган даврида вилоятимизда мева-сабзавотчилик тармоғини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш орқали экспорт салоҳиятини ошириш, чорвачилик йўналишида наслчиликни яхшилаш мақсадида 55 та бизнес-лойиҳага халқаро молия институтларининг салкам 23 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредитлари ажратилди. Натижада вилоятимизда 12 минг тонна сиғимга эга музлатгичли омборхоналар, 7 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар ташкил этилди. Йиллик қуввати 15 минг тонна мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қадоқлаш ускуналари олиб келинди. Чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Европадан 3 минг бошга яқин наслли қорамоллар харид қилинди. Гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш технологиялари келтирилди. Бунинг самараси сифатида 657 та янги иш ўринлари яратилди.

Олтиариқ туманидаги “Нодира диёр мевалари” оилавий корхонасига Осиё Тараққиёт банкининг “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғига қўшилган қиймат занжирини шакллантириш” лойиҳаси доирасида 150 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредити ажратилган эди. Кредит эвазига оилавий корхона тасарруфида 400 тонна сиғимга эга музлатгичли омборхона қуриб битказилиб, 8 та доимий ва 15 та мавсумий иш ўринлари яратилишига эришилди. Айни кунларда оилавий корхона томонидан лойиҳа доирасида хориждан ҳар бири 6 тонна сиғимга эга бўлган 4 та музлатгичли автотранспорт воситалари олиб келинмоқда. Бу қўшимча яна 12 та янги иш ўрни яратиш ҳамда мева-сабзавотлар экспорти ҳажмини ошириш имконини беради.

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги эътибор ва рағбат жаҳон ҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлаётгани бежиз эмас,-дейди “Нодира диёр мевалари” оилавий корхонаси раҳбари Махпират Рустамова. – Яқинда пойтахтимизда “Мамлакатнинг демократик янгиланишида ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида ўтказилган халқаро конференцияда ҳам бу борадаги ютуқларимиз алоҳида эътироф этилди. Конференцияда таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатда Гендер тенглиги замирида аёлларнинг мавжуд салоҳияти ва имкониятларидан самарали фойдаланиш, уларнинг бахтли ҳаёти жамиятдаги тинчлик ва фаровонлик гарови эканини англаш тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг Фарғона вилоятидаги ҳудудий вакили Камолиддин Каримовнинг қайд этишича, айни пайтда вилоятимизда халқаро молия институтлари имтиёзли кредитларидан самарали фойдаланаётган хотин-қизларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятимизнинг умумий экспорт кўрсаткичида мева-сабзавотлар экспорти ҳажми тобора юксалиб, Фарғонада етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жаҳон бозорида бренд даражасида машҳур бўлишига эришилаётгани қувонарлидир.