Беданачилик – сердаромад соҳа

Паррандачилик мамлакатимиз агросаноат комплексининг барқарор ва жадал ривожланаётган тармоғи. Зотдор паррандалар, уларни кўпайтириш, парвариш қилиш ва озиқлантириш бўйича илғор технологияларнинг амалиётга жорий этилаётгани, ветеринария профилактика тадбирларининг амалга оширилаётгани барқарор фаолият юритишни таъминлаш имконини бераётир.

Хусусан, Фарғона вилоятида мазкур тармоқнинг тобора кенгайиб бораётгани паррандачиликнинг юқори даромад омили бўлишида ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Тўрт йилдирки, хонадонида бедана боқиш ва кўпайтириш билан доимий шуғулланиб келаётган Фарғона шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор Алишер Ҳакимов ўз фаолиятини янада кенгайтириш ҳаракатида бўлмоқда. Ҳозирги кунда унинг мўъжазгина хонадонида 2000 та бедана парваришланмоқда.

Товуқларга нисбатан анча маҳсулдор бўлган бедана полапонларининг қарийб 80 фоизи яшаб кетади. Жуда тез ривожланади ва касалликларга бардошли. Гўшти ва тухумининг шифобахш хусусиятлари сабаб уларга талаб доим юқори.

Айни пайтда беданаларни кўпайтириш учун бу ерда инкубация ташкил қилинди. Соҳанинг ўзига хос жиҳатларини андижонлик ҳамкорларидан ўрганиб қайтган тадбиркор учун бу тажрибалар анча қўл келаяпти. Негаки, беданалар учун доимий ҳароратни сақлаш муҳим. Яъни улар парваришланаётган хона 22-28 даража иссиқ бўлиши лозим.

Алишер Ҳакимовнинг сўзларига кўра, паррандани боқишга кетган харажат бир неча ҳисса даромад билан ўзини оқлайди. Айтайлик 1000 та беданадан бир кунда ўртача 500-600 тагача тухум олиш мумкин. Ҳозирда тадбиркор парваришидаги паррандаларнинг 40 фоизи тухумга кирган. Беданачиликнинг сердаромад соҳа бўлишини таъминлаётган жиҳат ички бозорда бедана парҳез гўшти ҳамда тухумининг харидоргир эканлигидир.

Президентимизнинг жорий йил 13 ноябрь куни имзоланган “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш билан бирга тадбиркорларга янги имкониятларни ҳам туҳфа этди. Айниқса, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ҳажмини ошириш борасида белгиланган молиявий ислоҳотлар ҳамда манзилли чора-тадбирларни амалга оширишда мазкур ҳужжатнинг аҳамияти катта.

Юртбошимизнинг қарори соҳа вакилларини ниҳоятда қувонтирди. Негаки, бу қарорда паррандаларнинг озуқа базасини шакллантиришдан тортиб, малакали кадрларни тайёрлаш масалаларигача акс этган, – дейди Алишер ака. –Бу нафақат маҳсулдорлик ва паррандани парвариш қилишнинг юқори кўрсаткичлари, балки маҳсулот сифати ва хавфсизлигини кафолатлаш, уларнинг юқори тиббий-биологик аҳамиятини баҳолаш имконини беради. Асосийси, бу каби қўллаб-қувватлаш фаолиятимизни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.