Смартфон ихтиро қилиб… газета ўқийдиган халқ

Интернетда ахборот тарқатиш тезлиги билан фақат телевидение ва радио рақобатлашиши мумкин. Аммо инсониятни ахборотнинг тезкорлигигина қониқтирмайди. У барча жанрни қамраб олган, маъно-мазмунли, фикр-мулоҳазали, баҳсталаб ва таҳлилий-танқидий мақолалар ўқишни, вақтлар ўтиб, яна такрор ўқишни, айрим жумла, рақамлар остига чизиб қўйиб, уни таққослаб, таҳлил қилгиси келади.

Қолаверса, замон ва сиёсат руҳини акс эттирувчи қоғоз саҳифалар кейинчалик тарихий битик аҳамиятига эга ҳамдир. Бундай имконият фақат босма нашрларда, жумладан, газетада мавжуд. Хитойликларни “Смартфон ихтиро қилиб, газета ўқийдиган халқ” дейиш мумкин. Гап шундаки, дунёдаги смартфонларнинг 80 фоизини ишлаб чиқараётган Хитойда газеталар миллионлаб ададда чоп этиляпти ва ўқилмоқда. Мисол учун, “Женьмин Жибао”нинг расмий ахборот босилган сонлари 10 миллион нусхагача, бошқа кунлари эса 6 миллиондан кам бўлмаган ададда чиқаётгани айни ҳақиқат. Бугун ҳар бир хитойликда 1-2 тадан смартфон бор. Лекин у газета ўқишни тарк этмаган. Биз атайин сўраб-суриштирган ўттизга яқин газетхоннинг бирон биридан уни газета обуна бўлишга, сотиб олишга, ўқишга кимдир мажбурлагани тўғрисида эшитмадик. Хитой жамиятининг ўзи таҳлилий мақола, қизиқарли ахборот, таҳлил марказларининг хулосалари ва рекламаларни газетадан ўқиш зарурат, деб билади. Халқ мутолаага эътиборли жамиятга айланмоқда. Хўш, бизда нашрлар обунасини ташкил этишдаги тарғиботни “мажбурий обуна” деб талқин қилаётганлар буни биладиларми?

“Мажбурий обуна” ниқоби остида газетхонларни, китобхонларни зиёдан баҳра олмасликка, маънавий-маърифий қашшоқлик исканжасига ташлаш йўлини тутаётганларни бу шоввозлар аниқ-равшан билиб турибдилар. Шу йўл билан манқуртликнинг “олами”га уларни бошлаб бораётганларга “киракашлик” қиляптилар.

Бугун қайси жамоа, ташкилот, идорага бориб унинг раҳбари билан обуна ташкил этиш ҳақида сўз очсангиз, “Йўқ-йўқ, обуна сўзини тилга олишдан қўрқаман”, дейди. Битта сайт уч кунгача хабарлар оқимида ушлаб турган Бекобод халқ таълими бўлими раҳбарининг ишдан бўшатилгани тўғрисидаги ахборот уларни чўчитиб қўйганди. Ваҳолонки, бу танти инсон фақатгина маълумот учун ҳамкасбларини нашрларга обуна бўлишни тавсия қилган холос. Хўш, бунинг нимаси ёмон?! Бу инсонга фақат раҳмат айтсанг арзийди. Ахир, атрофдагиларни газета, китоб ўқишга чорлаш — бу маънавиятнинг, маърифатнинг ривожи учун фойдадан бошқа нарса эмас-ку! Тўғри, газета-журналларни ўқишли қилиш бошқа масала.

Бугун газеталар обунасида юзага келган муаммонинг илдизлари нимада?

Шуни тан олиш керакки, газета куннинг долзарб мавзулари учун етарлича баҳс-мунозара, фикрлар хилма-хиллиги майдонига айлана олмаганида таҳририят ва ижодий жамоанинг ҳам камчилиги бор. Газеталар дизайнидан тортиб ҳарф танлашгача ҳали мукаммалликка эриша олинмагани ҳам айни ҳақиқат. Газеталар 2-3 кун ёки хафтада бир чиқаётгани сабабли айрим ахборотлар эскириб қолаётгани ҳам рост. Қолаверса, сўнгги йилларда “Ўзбекистон почтаси” ва “Матбуот тарқатувчи”даги “ислоҳотлар” туфайли хабарчилар сони кескин қисқартирилди ва айни пайтда муштарийга газета ўз вақтида етиб бормаётганини инкор қилиб бўлмайди. Аммо буларнинг ҳеч бири газета тарғиботини ўтказиш, обунасини ташкил этишга монелик қиладиган сабаб бўлолмайди.

Ҳозирда Фарғона вилоятида 82 та газета чоп этиляпти. Озми-кўпми, лекин ҳар бирининг ўз ўқувчиси бор. Масалан, мен ўзим Қўштепа тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Истиқбол йўли” газетасига бир неча йиллардан буён обуна бўламан. Чунки унинг ҳар бир сонида, албатта, камида битта ўқишли, мулоҳазали, таҳлилий ёки танқидий мақола эълон қилинади. Газета 14-15 йилдан буён  А-2 форматда, рангли ва 5-7 минг ададда чиқади. Таҳририят “обуна ташкил этиб беринг”, деб бирон марта ҳокимлик эшигини қоқмаган. Асосан ўзлари обуна қилиб, ўзлари тарқатишади. Иккита енгил автомашинаси бор. Ҳисоб рақамида ҳамиша маблағ бўлади. Бу каби нашрлар бир эмас. “Фарғона ҳақиқати”, “Бувайда кўзгуси”, “Маънавият”, “Янги Фарғона” ва яна ўнлаб газета номларини келтиришим мумкин. Сўнгги йилларда ана шу таҳририятларга Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими ёрдами ва аралашуви билан 38 та хизмат енгил автомашинаси харид қилинди.

Газеталардаги ижодий ҳолат уюшманинг сайёр йиғилишларида батафсил таҳлил қилиниб, тавсиялар берилади. Фарғоналик журналистлар ўзаро тажриба алмашгани бормаган Ўзбекистоннинг бирон вилояти қолмади. Халқаро ижодий алоқалар ҳам ривожланган. Уч йилда биргина Хитой оммавий ахборот воситалари билан танишгани Шанси, Шандун, Шенчжен каби провинциялар журналистлар ассоциациялари таклифи билан 28 фарғоналик қалам аҳли малака ошириб қайтди. Айни чоғда 33 нафар хитойлик журналист айнан ижодий уюшма вилоят бўлими таклифига кўра, Фарғонага, бизнинг тажрибалар билан танишгани келди. Бундан ташқари, 20 нафар газета муҳаррири ва етакчи журналистларимиз Корея Республикаси, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург журналистлар уюшмалари таклифига биноан уларнинг тажрибаларини ўрганиб келди. Натижада газета саҳифаларида ўқишли мақолалар кўпайиши, ахборотни йиғиш ва қайта ишлашдаги янгича услублар билан янгича дизайн пайдо бўлди. Ҳозир ҳокимлик газеталарининг 80 фоизи А-2 форматда чоп этилади. Вилоятда уч нафар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист”, 18 нафар орден ва медаллар соҳиблари, 16 нафар “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори бўлган журналист бор. Бу гаплар ўз-ўзидан бўлмаган. Ҳамкасбларимизнинг изчил ва фидойилик билан қилган меҳнати туфайлидир.

Шундай бўлса-да, ноябрь ойининг сўнгги ҳафтасидаги тезкор маълумотга қараганда, вилоятда газеталар обунаси 500-2000 тани ташкил этиб турибди. Ҳолбуки аввалги йилларда бу рақам анча юқори эди. Бу ниманинг натижаси? Очиғи, одамлар ўртасида тескари тарғибот юритишнинг ҳосиласи, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Газета ўқишнинг фойдаси, газета чоп этилиши эса зарурат эканлиги ҳақида устозларимиз далиллар билан фикрларини билдиряптилар. Газетхонлик инсон ички қиёфасини шакллантирувчи муҳим омиллардан бири экани маълум. Лекин уни чоп этиш зарурати қонунчилик талабларидан бири бўлиб, давлат бошқаруви идоралари қабул қилган қарор ва меъёрлар матбуотда чоп этилганидан сўнг кучга кириши билан боғлиқ.

Яна “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида муассиснинг мажбурияти “Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таъминлаш” деб белгиланган. Шунга қарамай, айниқса, давлат бошқаруви идоралари муассис бўлган нашрларнинг узлуксиз чоп этилишини таъминловчи асосий омил — обунага мутлақо эътибор берилмаяпти. Яъни, гўё таҳририят бошқа бир дунё, газета муассисга дахлдор эмасдек. Биз, журналист, муҳаррирлар муассис шартнома шартларини, қонун талабларини бажармаса ҳам, ташкилот ёки идора ўз муассислигидаги газета билан умуман иши бўлмай қолса, “Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таъминлаш”да иштирок этмаса ҳам истиҳола қилиб, унинг мажбуриятларини вақтида эслатмадик. Мана, оқибати. Бугун газетанинг қонуний эгаси, муассиси четга чиқиб, томошабин бўлиб турибди.

Яна бир сабаб шундаки, шу пайтгача аксарият газеталар ижодий жамоаси муассисдан молиявий ёрдам сўрамай, иш ҳақини камайтириш, қалам ҳақи бермаслик ҳисобига маблағни тежаб, босмахона, солиқ, коммунал тўловлар каби харажатларни қоплаб келди. Бугун газетада ишлайдиган журналист неча сўм иш ҳақи олади? Бир-икки адади етарлича бўлган мамлакат ёки вилоят нашрларини ҳисобга олмаса, умуман, 600-700 минг сўмдан ошмайди. 400-500 минг сўмга ишлаб келаётган ҳамкасбларимиз ҳам йўқ эмас. Аслида иш ҳақини 1-1,5 миллион сўмдан белгилаб, газетанинг ҳар бир сонига 500 минг сўм қалам ҳақи ёзиб иқтисодий зарар юзага келса, қонунда белгиланганидек, камомадни ўша, бугун бефарқ турган муассис зиммасига юклаш керак эмасми?

Энди смартфон ихтиро қилиб, газета ўқиётган халқ мисолига қайтсак. Газетхонлик, китобхонлик каби миллат маънавиятини юксалтирувчи муҳим омиллардан бири. Буни тушунган халқ ва давлат газета тарғиботига китоб тарғиботи сингари устуворлик билан ёндашмоқда. АҚШ, Япония, Хитой, Корея Республикаси, Европа ва Осиёнинг кўплаб бошқа мамлакатларида газеталар адади миллионларни ташкил этиши унинг аҳолиси сони билангина боғлиқ эмас.

Газеталар обунасининг бугунги аҳволини муассислар обдон ўрганиб, жиддий хулоса қилса, айни муддао бўлур эди.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси.