Бувайдалик тадбиркор аёллар

Бугунги кунда юртимиз хотин-қизлари ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида ўз салоҳиятларини намоён этмоқдалар. Бувайдалик хотин-қизлар ҳам барча жабҳада пешқадам. Биргина оддий деҳқон аёли Патилахон Эргашеванинг Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак унвонга муносиб кўрилгани бувайдалик минглаб хотин-қизларимизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Айни пайтда туманда 131 нафардан зиёд тадбиркор аёллар фаолият олиб борадилар. Ҳа, улар том маънода фаровонлик яратиш йўлида изланаётган, шууридан ғайрат-шижоат барқ урган меҳнатсевар инсонлардир.

Наргизахон Очилдиева туманнинг Найман қишлоғида истиқомат қилади. Найманликлар помидор, қалампир, булғор қалампири етиштириш тажрибасини бутун вилоятимиз миришкорларига ўргатишади. Лекин Наргизахон илк тадбиркорлик фаолиятини пойабзал тикишдан бошлади. Хитойлик ҳамкорлар тажрибасини ўрганиб қайтгач тумандаги  агросаноат коллежидан бўш турган бинода пойабзал тикиш цехи ташкил этди. Цехда сифатли, бозорбоп оёқ кийимлари тайёрланмоқда. Тадбиркор бугунги кунда 50 та ишчи ўрни яратди.  50 нафардан зиёд коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашни режалаштирган.

Наргизахон оилада ибратли бека, меҳрибон она. Турмуш ўртоғи Исмоилжон ака билан уч нафар фарзандларини тарбиялаб, уларни эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб улғайишлари учун ҳаракат қилмоқда.

Янгиқўрғон шаҳарчасида  яшовчи Машҳурахон Абдувалиева ҳам тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, савдо маркази ташкил этган.

Олти нафар фарзандни вояга етказган Моҳирахон Асқарова 3-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Тўқувчилик ҳунарини шакллантириб, эндиликда бу ҳунарини қишлоқ ёшларига ҳам ўргатиб келмоқда.

Аёллар бошлаган юмушлар ҳамиша меҳр, нафосатга, гўзалликка йўғрилган бўлади.  Тадбиркор аёлларнинг халқ фолклорчилигини шакллантириш борасидаги ташаббуслари замирида қадриятларимизга ҳурмат, санъатга шайдолик мужассам этган. Юқорида биз номларини тилга олган аёллар тумандаги 17-болалар мусиқа ва санъат мактаби қошида фольклор ансамблига асос солдилар.

Бувайдада буюк санъат дарғаси Расулқори Мамадалиев яратиб кетган мақомчилик мактаби бор. Биз тадбиркор опа-сингилларимиз билан маслаҳатлашиб ана шу мактаб анъаналарини давом эттиришни мақсад қилдик, – дейди мазкур мактаб ўқитувчиси, ансамбл бадиий раҳбари Саломатхон Нурматова.

Бувайдалик тадбиркор аёлларнинг бу ташаббуслари санъатга ошуфталикнинг ажойиб ифодасидир.