Бир марталик умумдавлат акцияси

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 20 апрель куни қабул қилинган «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармони уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўмаклашиш, тадбиркорларга янги имкониятларни жорий этишга хизмат қилмоқда.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши соҳада кўпдан буён ҳал этилмай келаётган муаммоларга барҳам берди. Аввало, ер тузиш ва кадастр органлари томонидан ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи хатлови якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида, айниқса, қишлоқ жойларида қонунийликни таъминлаш масалаларида тизимли хатолар ва жиддий камчиликларга йўл қўйилганлигини кўрсатди.

Хусусан, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этишган. Бундай ҳолатларнинг юз беришига давлат органлари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, шу жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг бепарволиги сабаб бўлди.

Бу каби муаммолар аҳолида бошқа ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқишига, хусусан, ҳақиқатда яшаб турган жойга прописка қилиниши, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келди.

Таҳлилларга қараганда фуқароларнинг уй-жой мулкига кадастр ҳужжатларини беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 5 мингдан ортиқ, депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 3 мингдан зиёд мурожаатлари келиб тушган.

Вилоятимизда ҳам юқоридаги қарор ижроси бўйича чора-тадбирлар мунтазам олиб борилмоқда. Маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида ҳозирда кадастр ҳужжати мавжуд бўлмаган 168200 та объектлар бор. Ҳудудлар бўйича таққослаганда уларнинг энг кўпи Фарғона, Учкўприк, Ўзбекистон, Қўштепа, Қува туманларида қайд этилган. Барча туман, шаҳарларда қарор ижроси бошланганидан буён 155383 та огоҳлантириш хатлари юборилган. Давлат хизматлари марказларига бир кунда ўртача 486 та кадастр ҳужжатини расмийлаштириш бўйича мурожаатлар билдирилмоқда. 27 ноябрь кунги ҳисоботда қайд этилишича, комиссиялар томонидан 2606 та аризаларга ижобий хулосалар берилган бўлса, уларнинг 3736 таси кўриб чиқилмоқда. 1211 та аризалар эса рад этилган. Туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан бир кунда ўртача 57 та объектлар учун қарор қабул қилинмоқда.

Президентимиз Фармонида қайд этилганидек, ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса эътироф этилади. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Бир сўз билан айтганда, бир марталик умумдавлат акциясининг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларнинг мулк ҳуқуқини эътироф этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.