Солиқ базаси кенгайтирилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги «Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган солиқ ва божхона ислоҳотларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш борасида вилоят ҳокими, вилоят прокурори ҳамда вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг Қўшма қарори имзоланди.

Мазкур қарор билан вилоят прокурорининг ўринбосари раҳбарлигида 12 нафар масъул идора ходимларидан иборат таркибда вилоят эксперт ишчи гуруҳи, шунингдек, туман ва шаҳарларда прокурор ўринбосарлари раҳбарлигида 15 нафар аъзодан иборат ишчи гуруҳлари таркиби тўлиқ шакллантирилди.

Ўтган давр мобайнида вилоят прокуратураси органлари томонидан жойлардаги солиқ идоралари билан ҳамкорликда солиқ базасини янада кенгайтириш ва тушумлар миқдорини ошириш борасида салмоқли натижаларга эришилди.

Хусусан, хатлов жараёнида бугунги кунга қадар 5.349 та рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиб келаётганлар аниқланиб, уларнинг 5.316 таси давлат рўйхатидан ўтказилиши натижасида 1.110,6 млн. сўм солиқ ҳисобланган ҳолда 86,1 млн. сўми ундирилган. Аниқланган 10.765 та ноқонуний турар ва нотурар объектларнинг 10.765 тасини рўйхатдан ўтказиш орқали 1.046 млн. сўмлик қўшимча солиқ манбалари шакллантирилди.

Шунингдек, 52.453 та ҳолатда ҳақиқий қийматида фарқ аниқланган нотурар ва турар жойларнинг деярли барчаси қайта рўйхатдан ўтказилиб, 1.953,6 млн. сўм қўшимча солиқ ҳисобланди.  Шулардан 2.497 та ҳолатда мол-мулкини норасмий ижарага берганлик бўйича 1.942,3 млн. сўм қўшимча солиқ манбаси аниқланди.

Лицензияланувчи фаолият билан тегишли  тартибда лицензия ёки рухсатнома олмасдан шуғулланиб келаётган 4340 нафар фуқароларнинг 3997 нафари лицензия олдилар.

Ишчи гуруҳлар томонидан бозорларда ўтказилаётган тадбирлар давомида 1.867 нафар фуқаролар давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда фаолият юритаётгани аниқланиб, уларнинг 1.841 нафари рўйхатдан ўтказилиши орқали 471,7 млн. сўм қўшимча солиқ ундирувга қаратилди. Натижада, ҳисобот даврида 48,1 млн. сўми ундирилди.

Қолаверса, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан  ҳисоботдан яширилган 819 нафар ишчиларнинг 763 нафари билан меҳнат шартномалари тузилиши орқали 143,5 млн. сўм қўшимча солиқлар ҳисобланди. Солиқ органлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган камерал назорат тадбирларида сентябрь ойидан ҳозирги кунга қадар 5.946 та ҳолатда солиқ тўловларида тафовут аниқланган субъектларга талабномалар берилди. Ҳисобланган 61,5 млрд. сўм қўшимча солиқлардан 22,4 млрд. сўми ундирилди. Бюджетга боқимандаликка йўл қўйилган 17783 та ҳолатда 35,5 млрд. сўм қарздорлик бартараф этилди.

Республика ва вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан туман давлат солиқ инспекцияларида доимий ишчи штаблар ташкил этилиб, ишчи гуруҳларнинг кунлик фаолияти тузилган йўл хариталари ва белгиланган ҳудудларга чиқиш графиги асосида амалга оширилиб, мунтазам назорат олиб борилмоқда.

Ҳар бир тумандаги (шаҳар) штабларда ишчи гуруҳларининг кунлик фаолияти ва амалга оширган ишларини белгиланган режага нисбатан таққослаган ҳолда эшитиш ва эртанги кунлик фаолияти бўйича иш ҳажмлари тақсимлаб бериляпти.  Бугунги кунда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан солиқ соҳасидаги қонунчилик бўйича киритилаётган ўзгартиришлар ва қонунчиликдаги янгиликлар бўйича 250 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Д.УМАРАЛИЕВ,

вилоят прокурорининг

ўринбосари.