Кечиктириб бўлмайдиган вазифа

Фарғона туман тиббиёт коллежида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқубузарликларнинг олдини олишга қаратилган учрашув бўлиб ўтди. Унда коллежнинг битирувчи ўқувчилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни туман ҳокими Илҳом Носиров очди ва олиб борди.

Таъкидлаб ўтилганидек, бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган асосий ғоя келажагимиз давомчилари бўлган фарзандларимизни ўз юрти ва халқи, келажакда оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг муносиб эгаси бўлиб камолга етиши учун астойдил ҳаракат қилиш, бел боғлаб фаолият олиб боришга чорламоқда. Шундай экан фарзандларимизни жиноят кўчасидан асраб қолишда барчамиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз даркор.

Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг бузғунчи таҳдидларни барвақт аниқлаш бўйича якдил ҳаракатларини кучайтириш, уларни ҳамкорликда ва сифатли бартараф этилишини таъминлаш муҳим вазифадир. Йиғилишда бу борадаги чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Кун тартибидаги мавзу юзасидан туман прокурори Қ.Ҳасанов, туман ИИБ бошлиғи Қ.Ўринбоевлар сўзга чиқди.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича ишларни мутлақо янги тизим асосида ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича фикрлар ўртага ташланди. Ёш авлод онгида Ватанга содиқлик ва унинг тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдириш, уларда ёт ғоя ва қарашларнинг салбий таъсирига нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва бунда ҳамкорликни кучайтириш таъкидланди.

Тумандаги бошқа касб-ҳунар коллежларида ҳам битирувчилар билан шу мазмундаги учрашувлар ташкил этилди.