Ёт ғоялар адаштирмасин

Янги асримизнинг ахборот-технологиялари даври эканлиги, илм-фан ва техника тараққиёти, ахборот алмашинуви тизимининг тез суръатларда ривожланаётгани ўз навбатида уюшган жиноятчилик, жумладан, терроризм ва диний экстремистик оқимлар даъватчиларининг кенг кўламда тарғибот ишлари олиб боришларига имконият яратди.

Ёвуз мақсадга эришиш учун улар ўз сафларига қўшилмаган барча мусулмонларни “кофир”га чиқариб, оммавий қирғин қила бошладилар.  Мақсадига эришиш учун албатта тарафдорларини кўпайтириши лозим эди. Шу мақсадда одамларга кучли психологик таъсир этиш қобилиятига эга бўлган алоҳида ёлловчи шахслар ажратилди. Террорчилик ташкилотлари бунда аниқса, интернетдан самарали фойдаланиб келмоқда.

Ислом динининг асл мақсадини тушуниб етмаган, ота-онаси, махалла кўйдан йироқда ишлаб юрган ёшларимиз уларнинг ўлжасига айланмоқда. Улар ёшларни жанговар тайёргарликдан ўтказиб, жанг майдонларига ташламоқда. Натижада қанчадан-қанча ёшларимизнинг ўзга юртларда сарсон бўлиб, қийин аҳволда яшаб келмоқда.

Ҳозирги кунда интернетда 4800 тадан ортиқ турли террористик ва экстремистик тузилмаларга тегишли бўлган сайтлар мавжуд. Ёшларимиз ўзлари билмаган холда террорчилик ташкилотлари ва экстремистик оқимлар томонидан тайёрланган видеороликлар, маърузалар ва фотосуратларни кўчириб олишмоқда. Энг ачинарлиси, улар ислом дини мақсадини билмаган ҳолда ушбу оқимларга қўшилиб қолмоқда.

Республикамизда фуқароларимизнинг диний илм олишлари учун 11 та ўрта-махсус диний билим юртлари ва 4 та олий таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

Агарда фарзандингиз диний билим олишини истасангиз, республикамизда фаолият кўрсатаётган диний билим юртларида барча шароитлар бор. Лекин фарзандингиз чаламулла домлаларнинг қўлида диний билим оладиган бўлса келгусида террорчилик ташкилотларига аъзо бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Чунки террорчилар айнан ноқонуний диний таълим олган ёшларни ҳам ўз сафларига оғдириши кузатилган.

Давлатимиздаги тинчлик ва осойишталигимизни сақлаш учун хамиша хушёр ва огоҳ яшашимиз лозим бўлади. Огоҳлик эса билишдан бошланади.

Жамшид РУСТАМОВ,

вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга

 қарши курашиш бошқармаси  тезкор вакили, капитан.