Тадбиркор аёл: бизнес ва спорт

Фарғона давлат университети спорт мажмуасида “Тадбиркор аёл: бизнес ва спорт”  лойиҳаси доирасида марафон бўлиб ўтди.

Унда вилоятнинг шаҳар-туманларидаги  тадбиркор хотин-қизлар, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг  фаол аёллари, Фарғона давлат университетининг  талабалари  иштирок этдилар.

Спорт байрамларида қатнашиш менга завқ бағишлайди, – дейди  Қува туманидан 43 ёшли Ирода Абдувалиева. – Маҳалламиз аёллари билан туманимизда ўтказиб келинаётган бундай тадбирларда фаол қатнашиб келаман. Бугун ҳам мен ва дугоналарим  Гулбаҳор Имонова, Офтоб Раҳимова ёшлар билан ёнма-ён югурдик. Янада ёшардик.

Мусобақада югуриш бўйича биринчи ўрин Арофат Олимовага, иккинчи ва учинчи ўринлар Навбаҳор Нўмонова ҳамда Гулнора Абдуллажоноваларга насиб қилди.

Дилоромхон Эргашева “Энг кекса иштирокчи”, Мадина Комилова “Энг ёш иштирокчи”, Данғара туманидаги  Ўғилой Деҳқонова  раҳбарлик қилаётган  “Тадбиркор аёл”  уюшмаси аъзолари – Мафтунахон Мелибоева, Рўзахон Султонова, Дурдонахон Машрапова, Орзигул Хошимовалар  “Энг аҳил жамоа” номинацияси ғолибига айландилар. Шунингдек, мусобақада фаол иштирок этган фарғоналик Чаросхон Юлдошева, марғилонлик Гулчеҳра Ҳусанова, риштонлик Марҳабо Полвонова,  қувалик  Гулнора Камолова, тошлоқлик Маҳлиё Усмонова, бешариқлик Олмосхон Деҳқонова,  фурқатлик Зилола Бойназаровалар ҳам тақдирланди.

Уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.