Шафоат Раҳматуллаева: “Мен учун саҳна, томошабин ва чиройли ижро муҳим”

Қўқон театрининг ардоқли актрисаси, ўзбек киносининг ёрқин образларини яратган Ўзбекистон халқ артисти Шафоат Раҳматуллаева, 1941 йилнинг 4 январида Фурқат туманида туғилган. 7 йиллик мактабни битиргач, Қўқон хотин-қизлар педагогика билим юртига ўқишга киради. Ўшанда — 1955 йилда у ўн тўрт ярим ёшда эди. Билим юртида ўқиш даврида драмтўгаракка қатнашарди. Мана шу давр ҳаётидаги улкан мақсадлар сари дастлабки қадам бўлди. Бу даврда уларни эски Ҳамза театри биносидаги томошаларга кўп олиб келишарди.

-Менга саҳна жуда сирли, қизиқ туюларди. Парданинг ортида нима бор экан, чиқиб кўрсаммикан, дердим, — деб эслайди Шафоат опа. – 1959 йили ўқишни битириб ўқитувчи бўлиб ишладим. Қўқон театрига ишга кираман десам, дадам қўлингдан келармикин, бунинг ўқиши бормикин, дедилар. Дадамдан рухсат олиб мусиқали драма факультетига ўқишга кирдим. Ўқишни битиргач,  1965 йилда Сирдарё театрига йўлланма билан Диас Раҳматов, Эсон Лутфуллаев, Незя Люманова, диктор Элдор Мирсаидовлар билан бирга беш киши ишлагани кетдик. У пайтда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари битта эди. Марказ Гулистонда, театр Жиззахда эди. Бу ерда бош ролларни ишониб топширишди. Чимкентда гастролда юрган пайтимда — 1969 йилда тўсатдан дадам автоҳалокатга учраб вафот этдилар. Шу сабаб Қўқонга қайтиб келдим ва театрга ишга кирдим. Тўрт йил ишлаганимдан кейин Сирдарё театри яна чақириб олди. Сирдарё билан Жиззах ажраб, Гулистон марказида янги театр ташкил қилинган эди. Ўша ерда ишлаб унвонлар ҳам олдим. 1980 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 1992 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлдим. Бундан ташқари, кўп фестивалларда “Энг яхши аёл ижрочиси”, “Энг яхши она ижрочиси” каби номинациялар бўйича дипломлар, мукофотлар соҳиби бўлдим. Шундай қилиб, саҳна ҳаётимга айланди.

Опа оилавий шароит туфайли яна Қўқонга қайтиб келади. Биз Шафоат опага республика миқёсида таниқли актриса бўлганингиз, кўплаб фильмларда ҳам роллар ижро этганингиз ҳолда нега пойтахтга кетмагансиз, деб савол берганимизда,  у марказ бўладими, вилоятнинг бир чеккаси бўладими, мен учун театр, саҳна, томошабин ва чиройли ижро муҳим. Ўзимдан чиқиб ижро қилгим келади. ” деб жавоб берди.

Қўқон театрида опага Ўзбекистон халқ артисти Раҳимахоним Мазоҳидова, Занжирали Мирзатов, Қурбон Назаров, Пўлатхон ая, Саодатхон Очилдиевалар устозлик қилдилар.

-Президентимиз томонидан Қўқон шаҳрини комплекс ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Чорсудаги архитектура мажмуасида “Алломалар музейи” ташкил этилди. Театр санъати ривожи учун шаҳарда Санъат ва маданият институтининг филиали очилди. Театримиз реставрация қилинди, рўпарасида театр ходимлари учун Санъаткорлар уйи қуриб битказилди. Сизга ҳам ана шу Санъаткорлар уйидан хонадон берилди, деб эшитдик, — дея опага юзланамиз.

-2017 йилнинг 22-23 июнь кунлари муҳтарам Президентимиз Фарғона вилоятига ташриф буюрганларида Қўқонга келиб театрга кирди. Суҳбат давомида театр соҳасидаги муаммоларимиз билан қизиқдилар. Шулар доирасида узоқдан келиб ишловчи ходимлар учун уй қурилиши Президентимиз топшириғи билан бошланди, шу уйнинг 2-қаватидан 2 хонали хонадон совға тариқасида менга берилди.

Опа фаолияти давомида фарғоналик драматург Малика Мирзаеванинг “Сўнгги фожиа” асаридаги Малоҳат, Ўш театри режиссёри Абдуғофир Абдураҳмоновнинг “Ўғрини қароқчи урди” асаридаги Башорат, озарбайжон драматургининг “Ўлим ҳукми” асаридаги Она,  Папаяннинг “Чет эллик куёв” асаридаги Пепронэ каби кўплаб ролларни қойилмақом қилиб ижро этди.  Шунингдек, кўплар ижро этишни орзу қилган чет эл драматургиясидан Вильям Шекспирнинг “Ричард III” трагедиясида қиролича Елизавета,“Қирол Лир” асарида эса катта қиз ролларини маҳорат билан ўйнаган.

Шафоат опа 77 ёшга етса ҳам ҳали ижод завқига тўла, бугунги кунда ҳали яна катта роллар ижро этиш орзуси билан яшамоқда. Яқинда намойиш этиладиган, “Мерос” номи билан суратга олинган “Зурёд” сериалининг 2-си бўлган “Зурёд — 2” 30 серияли фильмида Шарофат хола ролини ижро этди (фильмнинг режиссёри Эргаш Мўминов).  “Жалолиддин Мангуберди” номли янги фильмда ҳам роль ижро этган. Театр соҳасида эса айни кунларда “Қўқоннинг ўн иккинчи дарвозаси” спектаклида, Озарбайжон кинорежиссёрлари суратга олган машҳур “Қайнона” фильмининг спектаклида ижро этган роллари  Қўқон театрида қўйилиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлмоқда.