Латвия Олий мактабининг Фарғона филиали

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда баркамол авлод орзуси йўлида кенг кўламли ҳаётбахш ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Таълим тизими, хусусан, олий таълим ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат туфайли кейинги йилларда мамлакатимизда АҚШ, Италия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Россия, Сингапур сингари дунёнинг энг ривожланган давлатлари олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилди.

Фарғона шаҳрида ҳам Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби филиали фаолият бошлагани юртимизда навқирон авлод вакилларига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.

Мазкур филиал давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 сентябрдаги “Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилди.

Ушбу олийгоҳнинг очилиши катта тантана айланиб кетди. Унда вилоят ҳокимлиги, тегишли вазирлик ва идоралар, элчихона вакиллари ва таълим даргоҳининг биринчи талабалари иштирок этди.

Тантанали маросим аввалида Ўзбекистон ва Латвия Давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқди. Вилоят раҳбари ўз нутқида олий мактабнинг очилиши тарихий кун сифатида муҳрланиб қолишини, туризм истиқболи учун етук кадрлар тайёрлаш Ватанимиз тараққиётида муҳим омил бўлиб хизмат қилишини эътироф этди. Янги олийгоҳ нафақат вилоятимизда балки, бутун мамлакатимизда ўз нуфузига эга таълим даргоҳи бўлишига умид билдирди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси учинчи котиби Мая Межака, Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Бадриддин Обидов, Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби (ISMA) Президенти, профессор ва академик Роман Дьякон, Фарғона давлат университети ректори Равшан Мақсудовлар филиалнинг ташкил этилиши барчада фахр уйғотганини, бу ўз навбатида олий таълим тизимининг такомиллашувига ҳисса қўшишини ва икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичда давом этишини таъкидлаб ўтдилар.

Фарғона давлат университетида иш бошлаган филиалда олти йўналишда бакалавр ва икки мутахассисликда магистрлар тайёрланади. Жорий ўқув йилида 125 нафар талаба қабул қилинмоқда. Талабалар туризмда тадбиркорлик фаолияти ва уни бошқариш, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, ресторан хўжалигида тадбиркорлик фаолияти йўналишлари бўйича таълим олади.

Олий мактабнинг илк талабалари Мадина Аъзамова, Ҳобилбек Раҳмонбердиевлар ҳам тадбирда ўз қувончларини изҳор этиб, яратилган шарт-шароитлар ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Илк талабаларга олийгоҳнинг рамзий галстуклари тақилди ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби (ISMA) Президенти Роман Дьякон вилоятимиз раҳбарига икки халқ ўртасидаги муносабатларнинг ёрқин ифодаси сифатида қаҳрабо тошдан ясалган қимматбаҳо эсдалик совғасини топширди.

Анжуман иштирокчилари Олий мактабда ташкил этилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш, кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан таъминлаш борасида аниқ тадбирлар амалга оширилаётгани барчада қизиқиш уйғотди.

– Сайёҳлик агентликларида бугун туризм бўйича кадрларга эҳтиёж катта. Шу маънода Олий мактаб фаолияти ота-оналар қаторида бизни ҳам  қувонтиради, – дейди хусусий сайёҳлик агентлиги директори Мирзажон Юсупов. – Бу ерда тажрибали мураббийларнинг фаолият кўрсатиши, Европанинг етакчи давлатларида ишлаш ва тажриба оширишга амалий ёрдам кўрсатилиши юртимизда соҳанинг янада тараққий этишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда, Олий мактаб томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар бўйича асосан инглиз тилида амалга оширилади. Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб юртимизда туризм тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ва бошқалар белгиланган.