Солиқ тизимидаги янгиликлар

Сўнгги йилларда  солиқ тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган имтиёзлар фуқароларнинг тадбиркорлик жараёнларидаги иштирокини кенгайтирмоқда.

Хўжалик  юритувчи субъектларнинг  умумий солиқ юкини пасайтириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида  солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини кучайтириш каби имтиёзлар аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қиляпти.

Ўзбекистон  Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил давлат бюджети параметрларини тасдиқлади. Унда келгуси йилда давлат солиқ сиёсатининг асосий йўналишларига ҳам ойдинлик киритилган. Хусусан, белгиланишича, солиқ ислоҳотлари самараси ўлароқ, жисмоний ва юридик шахслар, тадбиркорлик субъектларининг даромади ошади.

Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ,  2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар даромадини солиққа тортишни такомиллаштириш мақсадида, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилмоқда. Илгари, аҳоли даромадлари тўрт поғонали шкала билан солиққа тортилар эди. Янги тадбир, “конверт” асосида иш ҳақи тўлашдан воз кечишга, шу билан бирга тадбиркорлик субъектларининг ходимлар сони ва иш ҳақи фондини қонунийлаштиришига рағбат уйғотади ҳамда иқтисодиётда жамғариш улушини кўпайтиради.

Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юкини камайтиришнинг яна бир тадбири, бу – ягона ижтимоий тўлов ставкаларининг 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилиши бўлди. Таъкидлаш ўринлики, бу қоида бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар учун татбиқ қилинмайди. Ушбу таклифдан солиқ тўловчилар ихтиёрида қоладиган маблағлар 2,9 трлн. сўмни ташкил қилади.

Фуқароларнинг даромадларидан Пенсия жамғармасига суғурта бадалини (8 фоиз) тўлаш амалиёти бекор қилинади. Мисол учун, мактабгача таълим муассасаси тарбиячисига 1908 минг сўм иш ҳақи ҳисобланса, солиқлар ва тўловлар ушлаб қолинганидан сўнг 1520 минг сўм қолса, янаги йилдан бошлаб  кўпроқ 1680 минг сўм олишни бошлайди.

Фойда солиғи тўловчиларига солиқ юкини камайтириш, инвестициялар миқдорини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Тижорат банклари учун фойда солиғи ставкаси 22 фоиздан 20 гача;
корхона ва ташкилотларга 14 дан 12 гача;
дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар учун 10 дан 5 гача камайтирилади.

Бу тадбирлар солиқ тўловчилар ихтиёрида 582 млрд. сўм қолдириш имконини беради. Мисол учун, 1 млрд. сўм солиқ тўлайдиган корхона кейинги йилда 850 млн. сўм тўлаши, соф фойдаси эса 150 млн. сўмга кўпайиши мумкин.

Бундан ташқари, юридик шахсларнинг айланма маблағидан ундириладиган давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ҳам бекор қилинмоқда. Бу ажратма 15 фоиз рентабеллик билан ишлайдиган корхона учун 21,3 фоизлик фойда солиғи билан тенгдир. Демак, фойда солиғи ставкаси билан бирга умумий солиқ юкининг камайиши қарийб 23,5 фоизни ташкил қилади. Республика бўйича солиқ тўловчиларининг мана шу тадбир ҳисобига кўрадиган фойдаси 5 трлн. сўмдан ортиқни ташкил қилади.

Шунингдек, солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг солиқ тўловчиларга салбий таъсирини камайтириш мақсадида, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтириш таклиф қилинмоқда. Бу 1,2 трлн. сўм солиқ тўловчилар ёнида қолишини англатади.

Йиллик айланмаси 1 млрд. сўмгача бўлган микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилмоқда. Яъни ҳақиқатан ҳам кичик корхона бўлган тўловчилар учун бир йиллик солиқ тўлов суммаси 10 млн. сўмгача камайиши мумкин.

Йиллик айланмаси 100 млн. сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари 13-40 фоизга камайтирилади. Йиллик айланмаси 100 млн. сўмдан юқори ва 1 млрд. сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқ бекор қилинади. Улар ҳам айланма маблағидан 4 фоизлик ставкада солиқ тўлай бошлашади.

Соҳадаги ислоҳотларнинг бугунги босқичи самарали давлат солиқ сиёсатини амалга оширилишини таъминлайди.

 Ойбек  БАННОПОВ,

 Фарғона шаҳар Давлат солиқ  инспекцияси  бўлим бошлиғи.