Она табиат оқибат истайди

Ёқилган  хазон  тутунлари  нафақат  табиатга балки, одам саломатлигига ҳам жиддий зиён келтириши шубҳасиздир.

Хазон ёқилган вақтда қуриган барглар таркибидаги токсик газлар тутун шаклида атроф муҳитга тарқалади. Бу ҳолат инсон организмида нафас йўли яллиғланиши билан боғлиқ турли хасталиклар, шу жумладан, аллергик касалликларни келтириб чиқаради.

Атмосферада заҳарли моддаларнинг кўпайиши катталар ҳамда болалар орасида кенг тарқалган бронхиал астма касаллигининг юзага келишига ҳам сабаб бўлади. Бу хасталикнинг асорати шу қадар жиддийки, у ногиронлик ҳолатига ҳам олиб келиши мумкин. Дарахт ва бута баргларида йил мобайнида транспорт  воситалари, ишлаб  чиқариш  корхоналаридан ажралиб чиқувчи захарли газлар йиғилади. Хазонларга ўт қўйиш натижасида эса бебаҳо саломатлигимиз учун зарар бўлган заҳарли газлар ҳавога тарқалади. Энг ёмони  заҳарли моддалардан иборат тутун ўпка орқали қонга сўрилади.

Хазон, қуриган барглар, шох-шабба ва чиқинди уюмларининг ўзбошимчалик билан ёқилиши натижасида атмосферада карбонат ангидрид ва бошқа заҳарли моддалар миқдорининг кескин ошишига сабаб бўлади. Хазонларни ёқмай белгиланган компост чуқурларга тўкилиши биринчидан, атроф-муҳит тозалиги, шунингдек юртдошларимиз саломатлигини сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида  вилоят  Экология  ва  атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Фарғона шаҳрига бириктирилган давлат инспекторлари томонидан  70 та махалла фуқаролар йиғинларига тилхатлар тарқатилди. Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармасига 2018 йил 2 октябр куни №02-1479-сонли хат билан мурожаат қилиниб, шаҳар ҳудудида куз мавсумида дарахт барглари ва битумларни очиқ аланга билан ёқиб юборилишининг олдини олиш бўйича Ободонлаштириш бошқармасининг ишчи ходимлари томонидан  йиғилиш ўтказилиб, хар бир бригада ишчилари огоҳлантирилди, ҳар бир худудда тозалаш ва ободонлаштириш ишларидан чиққан маиший ва турли хил чиқиндиларни тўплаб туриб ёқиб юборилишини, белгиланмаган жойларга ташлаб кетишларининг олдини олиш бўйича хам тушунтиришлар берилди.

Ҳурматли юртдошлар! Обод ва кўркам муҳитда соғлом, бахтли ҳаёт кечирар эканмиз, она табиат мусаффолигини асраш, уни келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг инсоний ва фуқаролик бурчимиз эканлигини унутмайлик.

Хуршидбек РАҲМОНОВ,

Жаҳонгир АБДУМАЛИКОВ,

вилоят Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш бошқармасининг

Фарғона шаҳрига бириктирилган давлат инспекторлари.