Наманганда “HYUNDAI” автомобиль заводига тамал тоши қўйилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида фаоллар билан учрашувда Наманган вилоятида йирик ишлаб чиқариш саноати йўқлигини таассуф билан эътироф этиб, вилоятда йирик автомобиль заводи қуриш лойиҳаси амалга оширилиши ҳақидаги эзгу мақсад билан наманганликларни хушнуд этган эди.

Ўша тарихий ташрифдан роппа-роса йигирма кун ўтиб мамлакатимиз автомобилсозлик саноатининг йирик лойиҳаларидан бирини амалга ошириш йўлидаги дастлабки қадамлардан бири сифатида Жанубий Кореянинг “Evergreen Motors Group” компанияси президенти Ким Чан Конг вилоятга ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили ноябрь ойида Жанубий Кореяга ташрифи эса икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқалари истиқболини янги босқичга кўтариб, бошқа кўплаб лойиҳалар орасида “Hyundai” автозаводи қурилиши билан боғлиқ лойиҳанинг рўёби янада тезлашиб кетди.

Дастлаб вилоят ҳокимлигида “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестицион шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Шартномани Ўзбекистон Республикаси томонидан Наманган вилояти ҳокими Х. Бозаров, Корея Республикаси томонидан “Hyundai Motor” компаниясининг юк машиналари бўйича президенти Ли Ин Чэол, “Posco-Daewoo corporation” компанияси Автоматив бўлими президенти ўринбосари Ли Санг Хун ва “Evergreen Motors” компанияси Президенти Ким Чанг Кеон имзоладилар.

Шартномаларни имзолаш маросимида шунингдек Жанубий Корея Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Л. Қудратов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирининг ўринбосари С. Саифназаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Б. Юсупов ва бошқа расмий идора вакиллари, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистлари иштирок этди.

Куннинг иккинчи ярмида Тўрақўрғон туманида “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш янги заводининг тамал тошини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Корея делегацияси билан биргаликда Малайзия, Индонезия, Хитой Халқ Республикаси ва Таиланд каби ҳамкор давлатларидан ишбилармонлар вакиллари ҳам таклиф этилди.

– Бугунги кунда вилоятимизнинг ўзидагина Жанубий Корея инвестицияси иштирокидаги 17 та қўшма ва хорижий корхона фаолият кўрсатаётгани фикримизнинг далилидир, – деди вилоят ҳокими Х.Бозоров. –Ушбу “Hyundai-Namangan KD янги завод” қурилиши ҳам мамлакатимиз автомобилсозлиги тарихидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши билан биргаликда вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида катта аҳамиятга молик лойиҳалардан бири сифатида халқимиз фаровонлиги, юртимиз равнақига хизмат қилади.

Ўзбекистон Жанубий Корея билан иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқалар борасидаги ҳамкорлик алоқалари йил сайин кенгайиб бораётган энг ишончли ҳамкор давлатлардан биридир, – дейди “Hyundai Motor” компаниясининг юк машиналари бўйича президенти Ли Ин Чеол. – Биз бугун қўйилган тамал тошининг самарасини янги йилнинг худди шу кунларида кўришга ишонамиз.

Корея Республикасининг “Hyundai Motor”, “Evergreen Motors” ва “Posco-Daewoo corporation” компаниялари ҳамкорлигида қурилиши режалаштирилган бу завод,2019 йилнинг сентябрида илк маҳсулотларини чиқаришга бошлайди. Дастлаб йилига 400 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Босқичма-босқич бу кўрсаткич 3000 тага етказилади. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 фоиз эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Дастлабки босқичда 1000 та, завод тўла ишга туширилгач 6 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Корея делегацияси ва республика вазирликлари ҳамда вилоят раҳбарияти томонидан рамзий лентани қирқилиб, “Hyundai-Namangan KD» янги завод пойдеворига белкуракларда қум ташлаб, ўзига хос тамал тоши қўйилди.

Мазкур тарихий воқеа муносабати билан меҳмонлар шарафига Наманган шаҳридаги “Диёр” тантаналар мажмуасида бир пиёла чой устида ташкил этилган маросимга вилоят санъаткорлари, ёш истеъдодлар ижросидаги ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари, жаҳон мусиқа санъатининг ноёб дурдоналари янада файз бағишлади.

Тамал тошини қўйиш маросимида вилоят ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов,

Хотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.