Ўзбекистон чемпионати ғолиблари

Кураш миллий спорт турини аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида  янада  ривожлантириш ҳамда  оммалаштириш, ўсиб келаётган авлодда миллий ифтихор ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида бел олиш, уч кураш  ва  “курес” спорт турлари  бўйича тренерлар  ўртасида назарий-амалий семинарлар ҳамда мусобақалар ўтказилмоқда.

Маълумки,  2018 йил – Қозоғистонда  “Ўзбекистон  кунлари” йили деб аталди. Жорий йил 4-9 ноябрь кунлари Марғилон  шаҳрида  республикамизда спортнинг  бел олиш, уч  кураш  турлари бўйича фаолият олиб бораётган  мураббийлар ўртасида назарий-амалий семинар ўтказилди. 9 ноябрь  куни эса шаҳардаги 2-болалар-ўсмирлар спорт  мактабида  иккала республика  халқлари  ўртасида  дўстлик  алоқаларини янада мустаҳкамлаш, қозоқ  миллий  спорт  тури  “курес” ни ёш спортчилар ўртасида кенг тарғиб қилиш, уни  ривожлантириш  мақсадида  Ўзбекистон  чемпионати мусобақаси якунланди.

Унда республикамизнинг барча вилоятларидан 200 нафарга яқин спортчи қатнашди.

Чемпионат  бошланишидан аввал  Рафаэль Сахаров бошчилигидаги Қозоғистон Республикаси делегацияси аъзолари,  фахрий   курашчилар, ёш спортчилар  ва кенг жамоатчилик иштирокида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири  Эркин  Воҳидов  ҳайкали  пойига гулчамбарлар  қўйилди. Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси  бошлиғи С.Деҳқонова меҳмонларга  ташриф учун миннатдорчилик билдириб,  спортчиларга омад тилади.

Мусобақа якунига кўра, Сарваржон Икромов (Навоий вилояти), Жамшид Қаршибоев (Навоий вилояти), Отамурод  Муротов (Тошкент вилояти) ларга ўз вазн тоифаларида 1-,2-, 3-ўринлар  насиб этди.  Нодиржон   Қодиров  (Сурхондарё) 4-, Муҳаммадамин  Одилжонов  (Фарғона) 5-, Санжар Фазлиддинов  (Фарғона) 6-, Ислом Носиров (Сирдарё) 7-, Жавлон  Ҳомидов  (Фарғона) 8-ўринни эгаллашди. Кучли саккизликка кирган барча спортчилар Қозоғистон Республикаси “Курес” федерацияси  томонидан  ажратилган олтин медаль ва пул мукофоти ҳамда  вилоят жисмоний  тарбия  ва спорт  бошқармаси томонидан  диплом, эсдалик совғаларт билан тақдирланишди.