Мактабгача ва бошланғич таълим факультетида

Президентимизнинг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғриси”даги қарори соҳа вакиллари учун катта имкониятлар эшигини очди.

Дастур асосида вилоятимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, ўқув режа ва дастурларни замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш белгиланган.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида олийгоҳимизда янги ўқув йилидан мактабгача ва бошланғич таълим факултети ташкил этилди. Ушбу йўналиш бўйича бу йил 543 нафар талаба қабул қилинди. Талабалар учун  барча имкониятлар ишга солинди.  Йўналишлар  бўйича талабалар таълим жараёнида уч йил иштирок этишиб, олий маълумотли тарбиячи мақомига эга бўлишади.

Зеро, мактабгача таълим муассасаларига олий маълумотли педагогларни жалб этиш, ўрта-махсус маълумотга эга тарбиячиларнинг малакасини ошириш мактабгача таълим соҳасида бажарилиши муҳим бўлиб турган асосий вазифалардан биридир. Мактабгача таълим йўналиши алоҳида кафедрага бириктирилган бўлиб, кафедрада 2 нафар доцент, 1 нафар катта ўқитувчи ҳамда 5 нафар олий малакали мутахассис-педагоглар талабаларга махсус фанлар бўйича сабоқ беришяпти. Мактабгача педагогика, тарбиячининг касбий маҳорати, болаларни саҳналаштирш ва ижодий фаолиятга ўргатиш, педиатрия ва болалар гигиенаси, она тили ва болалар адабиёти, нутқ ўстириш назарияси, умумий педагогика фанлар бўйича ўтилаётган дарс машғулотларида талабалар соҳага алоқадар билимларни эгалламоқдалар.

Университетга пойтахтимиздаги Пучон университети профессори Ли Донг Вук ташриф буюриб кафедра доцент-ўқитувчилари ҳамда талабалар билан мулоқот ўтказди. Профессор “Кореяда мактабгача таълим тараққиёти” мавзусида ўтказган семинар-тренинг талабалар учун самарали бўлди. Тренинг давомида Фарғона давлат университети доценти, мактабгача таълим кафедраси мудири Д.Юлдашеванинг “Болалар нутқини ривожлантиришда инновацион креатив усул-воситалар”, Фарғона шаҳар 4-МТМ  услубчиси Г.Расулованинг “Илк қадам давлат ўқув дастури бўйича” олиб бориладиган ишлар мавзусидаги маърузалари ҳам тингланди.

Ташриф давомида меҳмон университетда яратилган шароитлар, илмий бўлим, ахборот-ресурс маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Соҳага доир фикр ва тавсиялари билан ўртоқлашди.

Бугунги ҳамкорлик-эртанги ғалаба демак. Дарс жараёнларига яна қатор хорижий мутахассисларни жалб этиш, машғулотларни инновацион ғоялар асосида ташкиллаш ва ўтказиш, иқтидорли талабалар билан ишлаш, уларнинг мактабгача таълим муассасаларидаги амалиёт жараёнларини тизимли назорат қилиб бориш, ўқитувчиларнинг зарур қўлланма ва адабиётларга эга бўлишини таъминлаш кафедранинг истиқболдаги вазифалари қаторига киритилган.

Зухро АКБАРОВА,

ФарДУ мактабгача ва бошланғич таълим факултети декани. 

Шаҳноза РАЙИМОВА,

мактабгача таълим кафедраси ходими.