Нега инсульт ёшариб бормоқда?

Вилоят тадбиркорлар марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда “Сурункали бош мия қон айланиши етишмовчилигининг профилактикаси, ташхислаш ва даволаш”  мавзусида илмий-анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари, шаҳар-туман тиббиёт бирлашмалари бош врачлари, юрак қон-томир жарроҳлари, невролог, кардиолог, эндокренолог ва умумий амалиёт шифокорлари иштирок этдилар.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи О.Умаров анжуманни ўтказилишидан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида сўз юритди.

“Сурункали бош мия  қон айланиши етишмовчилигининг бутун дунёдаги ва Ўзбекистондаги ҳолати” мавзуида республика хирургик ангиневрология ихтисослаштирилган маркази директори, академик Шавкат Каримовнинг маърузаси тингланди.

Академик дунё миқёсида инсульт хасталигининг ёшариб бораётгани,  ногиронлик ва ўлим кўрсаткичи касалликлар ичида юқорилиги бўйича етакчи ўринда туриши, 40-50 ёшдаги беморларнинг бу касалликдан азият чекаётганини таъкидлади.  Дунёда инсульт билан касалланиш ҳолати 1000 та аҳолига нисбатан 1-6 тани, Ўзбекистонда эса 100 000 нафар аҳолига нисбатан 148,1 тани ташкил этади. Хусусан, вилоятимизда 3,644 миллион аҳолининг 11 фойизи инсульт касалига чалинган беморлардан иборат. Жорий йилда ихтисослаштирилган марказга атиги 19 нафар бемор жарроҳлик амалиётига келган. Ҳолбуки вилоятда 5466 нафар беморда ишемик инсульт кузатилди.

Инсультнинг оғир ва хавфли асорати шундан иборатки, бу касалликни бошидан кечирган беморларнинг бир ойда 30 фойизи, йил охирида 45-48 фойизи ҳаётдан кўз юмади, 25-30 фойизи оғир ногирон бўлиб қолади.

Таассуфки, мазкур касалликнинг олдини олиш, ташхис қўйиш борасида мутахассис-шифокорларда тиббий ахборотлар етишмайди. Касалликнинг келиб чиқиш сабабларини терапевт, кардиолог, невролог, офтальмологларнинг ҳар бирлари синчиклаб ўрганишлари, беморга самарали муолажалар буюришлари  зарур. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботининг мунтазамлигини таъминлашлари керак.

Анжуманда  касаллик профилактикаси, қўшма атеросклеротик шикастланишлар, кўз ишемик синдроми диагностикаси, тиббий текширув аппаратларининг аҳамияти ҳақида марказ олимлари маълумот ва тушунтиришлар бердилар.

Анжуман сўнггида ўзаро савол-жавоблар бўлиб ўтди.