Табиатнинг инжа мўъжизаси

Баҳор! Жилмайиб турган қизалоққа ўхшайсан. Қарашларинг, лабингдаги табассум беғубор. Либосинг чечакларга тўла.  Сочларингда ялпизларнинг муаттар бўйи бор. Киприкларингда қўним топган шабнамнинг яратиш қудрати  чексиз ҳаяжон уммонига ўхшайди.  Қиқирлаб кулишларинг, сайроқи қушлар қўшиғи.   Қадамларинг заминга қувват, яратиш, яралиш завқини улашади.  Чучмолилар безаб турган бошингда офтоб нурлари ярақлайди….   Сен беғуборсан, баҳор!

Бахт қўшиғин айтиб,  адирлардаги лолақизғалдоқлар кўз очдилар. Бағрини оловлатиб,  қалбини доғлаб,  ўзини кўз-кўз қилишди.   Сен нафис ва муаттарсан! Мудроқ  оламни уйғотиб, ҳар  жисмга ўз рангин, табиат муждаларига ифорин ҳадя этасан. Сенинг ишқинг билан улар ҳаловат топадилар. Толеида битилган, аслий мақсадини адо этишга киришади. Дов-дарахтлар яшиллик либосин кийиб, ҳаётий қудратини намойиш этади.  Сокин ҳаётнинг жўшқин қўшиғи янграйди. Ундаги ҳар бир сўз, оҳанг, товуш сен ҳақингда сўзлайди, Баҳор! Нафасинг теккан манзилларда аксинг бор. Гулу чечакларнинг, муаттар ҳидли райҳонларнинг бағридасан.  Баргнинг ҳар чизиғида, капалакнинг қанот қоққан лаҳзаларида….

Тошдан тошга ўйноқлаб оқаётган зилол сувга термулганча жим қотган мажнунтолнинг новдаларида арғумчоқ учасан. Баҳор! Куртак очган новдаларига ҳусн бериб, мунис ва лобар қизларнинг сочларини безайсан.  Қошларга тортилган ўсмаларга дийдор насиб, дея қуллуқ қиласан.   Заминга яшил тўн кийдирасан. Аслинг, завқинг сени илҳомлантиради.

Наврўзни қўлидан тутиб, хонадонларга бахт, қутлуғ кунларга шукроналик олиб кирасан. Кекса онахоннинг  қўлларидаги дуо,  хонадонга зеб бериб, ораста қилган, ҳовлиларга сув сепиб, сени тонгдан қаршилаган келинчакнинг рўмолидаги туморсан.  Кулгуларинг насимларидан майин шабадалар эсиб, ажиб илиқлик улашади.  Бутун олам мафтункор жилва қилади. Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси сенинг меҳринг билан гўзаллашиб бораверади.  Бетакрорсан, Баҳор!

Сумалак  учун тош тераётган болакайларнинг кулгусида сен. Улар  ташрифинг ила умид ва шукроналик тимсоли бўлган муаттар таомнинг тотидан баҳраманд бўладилар.   Қалдирғочдек элчинг бўлган сумалак  бўйи қалбларни хушнуд этади. Жисмга тетиклик, ниятларга ижобат бағишлайди.  Ошиқ қалб дилида куртак очган, тилида янграган   ишқсан аслида.   Сатрларда, чизгиларда ўйноқаб,  мўжизалар эшигин очасан, ҳайратлантирасан.  Синоатларга тўла оламнинг тароватларини намоён этасан.

Сенинг ила  ҳаёт бошланади.  Орзулар, мақсадлар туғилади.  Қалбларда муҳаббат уйғонади.  Энг покиза ниятсан, Баҳор!

 

Камола ПОЛВОНОВА.