Соғлом бўлай десангиз…

Пиёда  юриш инсон  ҳаракатининг  асосидир. Бу ҳаракат ҳамма  учун  қулай,  табиий  ҳаракатдир. У организм  учун фойдали ва самарали таьсир кўрсатади. Ўз саломатлигингизни  яхшилаш,  соғломлаштириш  учун пиёда юриш ва   сузиш  билан шуғулланиш  кони фойда.

Фарғона шаҳрилик 82 ёшли Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дониёр Эргашев 40 йилдан буён югуриш-юриш машқи билан шуғулланади.

Мен ҳар куни эрталаб соат 6:00 дан  8 гача соғломлаштириш юриши билан шуғулланаман.   Кундалик  ҳаракатим туфайли 70 ёшимда масофани 15 км.га  етказишга ҳаракат  қилдим. Ниятим  масофани 20 км. га етказиш эди,  саксон  ёшимда  бунга ҳам эришдим. Врачларга вақти-вақти билан фақат санаторийларда дам олишга бориш олдидан учрашаман, холос. Cоғломлаштириш   юриши  билан  шуғулланганим учун  кайфиятим доим  яхши  ва  ўзимни яхши  ҳис этаман.  Турмуш ўртоғим  билан ҳар куни эрталаб шаҳардаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби стадионига келиб, 2 соат мобайнида  машқ қиламиз. Ҳуқуқшунос Каримжон Толипов, машҳур болалар шифокори  Иброҳимжон  Умаров,  бош ҳисобчи бўлиб  ишлаган  Нина  Григорьевалар  бизга  ҳамроҳ. Улар ҳам спорт билан  шуғулланишни  кундалик  одатга айлантиришган. Шу боис улардан биронтаси жиддий касал билан хасталаниб ётиб қолишганини эшитмаганман.

Журналистларнинг ғамхўр устози, маслаҳатгўйи  Дониёр Эргашев турмуш  ўртоғи, фахрий  ўқитувчи Раънохон опа билан ўн йилдан буён  Фарғона шаҳридаги сузиш ҳавзасига ҳам ҳафтада икки марта қатнашни канда қилишмайди. Сузишнинг инсон ҳаётида жуда катта фойдаси борлигини улар қайта-қайта таъкидлашди.

Сузишнинг инсон саломатлигига фойдаси жуда катта, – дейди устоз. Биринчидан, организм  енгиллашиб, нафас олиш йўллари тозаланади. Айниқса, вазн ортиб кетишига йўл қўймайди. Мен бир нарсани таъкидлашни жоиз деб билдим.  Фарзандларимизни  боғча  ёшиданоқ  спортга ошно тутиш керак. Спортга  муҳаббат,  қизиқиш уйғотиш зарур. Шаҳару қишлоқларимизда бунёд этилган замонавий спорт мажмуаларида болалар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамлашяпти.  Соғлом, кучли,  мард  ва  қатъиятли бўлиб, иродаси тобланиб, дунёқараши  ўзгармоқда. Аммо бу нарса жуда камлик  қилади. Мен  Россия  телеканалларидан  бирида “Лучшие всех” (“Ҳаммадан  зўр”)  кўрсатувини томоша қиламан. Унда иқтидорли болалар иштирок этишади.  3-5 ёш жажжи  болажонлар спортнинг ўзларини қизиқтирган турлари бўйича машқлар бажариб, томошабинлар олқишига сазовор бўлишади. Кўрсатув якунида ғолибларни  жаҳон  чемпионлари, спорт  усталари ва машҳур кишилар ташриф  буюриб, муносиб тақдирлашади. Бундай  рағбатдан боланинг кўнгли тоғдай кўтарилиб,  янада  зўр  бўлишга  ҳаракат  қилишади.  Спортни оммалаштиришда  бизда ҳам шу  усулни  қўллаш  керак, деб ўйлайман.

Эътиборга олиш лозимки, кам ҳаракат билан ҳаёт  кечирувчилар аста-секинлик билан  юришни  табиий  усулларини  йўқотадилар, эсдан чиқарадилар.  Уларнинг  юришида  жадаллик сусткашлик билан алмашинади, оёқларини судраб босадиган  ёки  у ёнга, бу ёнга ташлаб энгашиб қадам босадилар. Улар ҳам спортга ошно тутиниб, мунтазам шуғулланишни ҳаёт тарзига  айлантирсалар, фойдадан ҳоли бўлмасди.  “Саломатлик-туман бойлик” деб бежизга айтилмаган.