Тадбиркорлар учун яна бир имконият

2018 йил 11 сентябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш, Фарғона вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича гуруҳ ишини тизимли йўлга қўйиш учун вилоят ҳокимлиги биносида мутасадди идоралар вакилларидан иборат таркибда доимий фаолият юритувчи штаб тузилиб, барча зарур шароитлар яратиб  берилди.

Ҳудудий ишчи гуруҳ томонидан аниқланган тадбиркорлик фаолиятига оид муаммоларни “hudud.gov.uz” онлайн дастурига киритиш орқали уларни мажбурий тарзда кўриб чиқиш ва ҳал этиш, шунингдек, мутасадди идораларнинг бу йўналишдаги ишини мониторинг қилиш тизимли равишда олиб борилмоқда.

Бугунги кунга қадар ишчи гуруҳига келиб тушган 404 та мурожаатнинг 289 тасига ижобий ечим топилгани қувонарли, албатта. Қолган масалалар ҳам республика миқёсидаги мутасадди идоралар томонидан кўриб чиқиляпти.

–Тадбиркорларимиз коммунал хизматларга оид турли мурожаатлар билан ҳам чиқмоқда, – дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси вакили, ишчи гуруҳи аъзоси Бахтиёр Алижонов. – Бу йўналишда 30 га яқин мурожжатлар келиб тушган бўлса, унинг 26 таси жойида ҳал этилди. Данғара туманидаги “Real Goal Forward” масъулияти чекланган жамияти томонидан кичик саноат зонасида электр кучланиши юқори бўлганлиги сабабли қўшимча трансформатор ўрнатиш бўйича қилинган мурожаат қанотлантирилган эди. Шу кунларда корхонанинг канализация масаласи ҳам ҳал этилиб, охирига етказилмоқда.

Тошлоқ туманидаги “Луқмонов” корхонаси ҳам электр тармоғига уланиш учун техник шарт олишда ишчи гуруҳидан амалий кўмак сўраган. “Фарғона Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан корхонага электр тармоқларига уланиш учун 50 кВтга 1763-8 рақамли техник шарт берилди.

Ушбу туманда истиқомат қилувчи якка тартибдаги тадбиркор Шоҳрух Эргашев қандолатчилик дастгоҳларини сотиб олиш учун 25 миллион сўм миқдоридаги кредит ажратилиши кечикаётганлиги сабабли ишчи гуруҳига юзланди. Унга Ўзбекистон Республикаси Акциядорлик тижорат “Халқ банки” томонидан берилиши лозим бўлган маблағ ажратилди.

Тошлоқлик Исломиддин Эминов томонидан босма пресс дастгоҳини харид қилиш мақсадида ана шу банкдан сўралган 25 миллион сўм  кредит ажратилиши ҳам ортга сурилиб келинаётган эди. Ишчи гуруҳининг амалий ёрдами туфайли тадбиркорнинг муддаоси ижобий ечимга эга бўлди.

Тошлоқ туманидаги “Асилбек Феруз Шаҳриёр файзи” паррандачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалиги эса экин учун ер майдони ажратилиши юзасидан ишчи гуруҳига мурожаат қилди. Амалий ҳаракат ўз натижасини берди. Фермер хўжалигига 17 гектар майдон ажратилди.

Ҳозирда хўжалигимизда 6 нафар ишчи ўрни яратилган, – дейди тадбиркор Шарифжон Эрматов – Паррандачилик цехи ёнига броллер  учун музлатгичли омбор қуриш ниятимиз ҳам бор. Агар лойиҳамиз амалга оширилса,  30-40 та янги иш ўрни яратилади.

– Ишчи гуруҳи томонидан вилоятимизнинг энг чекка ҳудуди – Сўхда яшовчи тадбиркорларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бўлим бошлиғи, ишчи гуруҳи аъзоси Хайрулла Охунов. – “SO`X CAPITAL TEKS” МЧЖ тикувчилик цехини электр тармоғига уланиши учун техник шарт олиш юзасидан бизга мурожаат этди. Мурожаат ўрнида ҳал этилиб, корхона масаласи ечилди. “Сўх Дон” корхонаси эса маҳсулотларга санитария-эпидемиология хулосасини олиш борасида қийинчиликка учраган эди. Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан мазкур масъулияти чекланган жамиятига сўралган сертификат тақдим қилинди. Сўх туманидаги “Мулки саховат” хусусий корхонаси мини футбол майдончасини ташкил этиш мақсадида банкдан ажратилиши орқага суриб келинаётган 130 миллион сўм маблағни олишга муваффақ бўлди. “Умид” савдо маркази раҳбарининг ҳам газ тармоғига уланиш борасидаги масаласи қаноатлантирилди.