Саноатнинг истиқболли тармоқлари

Саноат  соҳасининг ривожланиши иқтисодий ўсишнинг муҳим пойдевори саналади.  Миллий манфаатлар ва ҳудудлар имкониятига мос ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилмаси мамлакатимизнинг халқаро бозордаги рақобатлашув салоҳиятини оширишга хизмат қилади.  Катта истиқболга эга бўлган тармоқларнинг ҳар томонлама рағбатлантилиши эса унинг кўламини янада кенгайтиради.

Жорий йилнинг январ-сентябр ойлари давомида вилоятимизда 8866,6 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тўқимачилик маҳсулотлари 6,8 фоизга, мебел 18,5 фоизга, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,2 фоизга, тери 16,8 фоизга, кокс ва нефтни қайта ишлаш 15,9 фоизга ўсишига эришилди.

Энг муҳими, 2018-2019 йилларда мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва сақлаш бўйича амалга ошириладиган  лойиҳаларнинг “Манзилли дастури” боғдорчилик, деҳқончилик соҳаларининг такомиллашуви, тадбиркорларнинг  аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган  ташаббусларига куч берди.

Дастурда қуввати 90 минг тонна мева-сабзавотларни қайта ишлаш бўйича 25 та лойиҳани ташкил этиш орқали етиштирилган маҳсулотларнинг қайта ишлаш даражасини 30 фоизга етказиш ҳамда 35 минг тонна сиғимга эга бўлган 33 та совуткичли омборхоналар барпо этиш белгиланган.

2018 йилнинг июн-сентябр ойларида умумий қиймати 22,2 млрд. сўм бўлган 2 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 37 та янги ишчи ўринлари яратилди. Жумладан, “Grand Diamond furit” МЧЖ 2200 тонна, “Водий холдинг мева” хусусий корхонаси 3000 тонна мева-сабзавотларни қайта ишлаш қувватига эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 августдаги “Фарғона вилоятида жойлашган ишламай турган ва кам қувватли корхоналар фаолиятини тиклаш, шунингдек давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 6 та кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда.          Ҳозиргача 4 та кичик саноат зоналари ҳудудидаги бино ва ер майдонларига ўрнатилган тартибда тадбиркорлик субъектлари жойлаштирилган.

Жумладан, Марғилон шаҳри Наврўз МФЙ ҳудудида собиқ “Қишлоқ қурилиш базаси” МЧЖда 21 та, Надирмат МФЙ ҳудудида“Улгуржи савдо базаси” МЧЖда 15 та, Данғара тумани “Сувиншооттаъмир” МЧЖ ҳудудида             13 та ва Қувасой шаҳри “Қувасой чинниси” АЖ ҳудудида 10 та лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Кичик саноат зоналарида замонавий технология асосида янги турдаги рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари ташкил этилади. Қувасой шаҳри собиқ “Қувасой чинниси” АЖ бино-иншоотлари негизида ташкил этилаётган кичик саноат зонасида “Running Busines Trans Invest” МЧЖ томонидан трикотаж маҳсулотлари, “V&B CHEMICAL Co.LIMITED” МЧЖ томонидан автомобил балонлари учун хом-ашё — “сулфарполимер”, “Starke Uzbekistan” МЧЖ томонидан фарфор идишлар, “Great Wall Ceramic Industries” МЧЖ томонидан юқори ҳароратга чидамли термик ғишт, “Moderna Ceramic Industries Fergana” қўшма корхонаси томонидан “сулфар-углерод” моддаси ишлаб чиқариш каби лойиҳалар ишга туширилади.

Бу борада иқтисодиётга  инвестицияларни  кенг кўламда  жалб этиш  ва улардан самарали фойдаланиш муҳим ўрин тутади. Маъмурий кенгаш томонидан маъқулланган 59 та инвестиция лойиҳаларидан енгил саноат 16 та, чарм-пойабзал 4 та, кимё ва нефт саноати 5 та, мева сабзавотларни қайта ишлаш ва озиқ-овқат 12 та, қурилиш материаллари 11 та, фармацевтика саноати 1 та, электротехника саноати 2 та, машинасозлик ва автомобилсозлик йўналиши 3 та ҳамда халқ истеъмол моллари ва бошқа йўналишларда 5 та лойиҳалар жойлаштирилмоқда.

Ушбу лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига йилига 157,4 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилиши белгиланган.

Биргина Данғара тумани “Сувиншооттаъмир” кичик саноат зонасида 5 та фойдаланишга қабул қилинган инвестиция лойиҳаларида умумий қиймати 13,7 млрд. сўмлик маблағлар ўзлаштирилиши ҳисобига 186 та иш ўринлари яратилди.

Саноат соҳасининг ҳар бир жабҳасида олиб борилаётган янгиланишлар ҳудудларнинг  ободонлашуви ва у ерда истиқомат қилаётган аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга замин яратади. Қувонарлиси, фуқароларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юксалтириб, ишбилармонлик муҳитининг барқарорлашувига хизмат қилади.

Хабибулло ЁРМАТОВ,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.