Ҳаётий ҳужжатлар – фаровонликка кафолат

Фарғона санъат коллежида шаҳар адлия бўлими ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар ҳамкорликда семинар ўтказилди. Унда шаҳардаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларининг раис ва маслаҳатчилари, фаоллар иштирок этди.

Семинарда сўнгги вақтда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг ижроси ҳақида сўз юритилди. Дастлабки мавзу “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, ўғил-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, улар учун бўш иш ўринларини яратиш ҳақида бўлди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 3 октябрь куни қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва бу  ҳужжатда кўзда тутилган мақсадли вазифалар тўғрисида фикр алмашдилар.

Шунингдек, семинарда Президентимизнинг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.

Кун тартибидаги мавзулар юзасидан Фарғона шаҳар адлия бўлими бошлиғи Дилшод Аҳмедов, бўлим бош маслаҳатчиси Баҳодир Тоҳиржонов, вилоят “Ермулкадастр” давлат корхонасининг шаҳар филиали  етакчи мутахассиси Эркин Атабашев ва бошқалар сўзга чиқди.

Семинарда фуқаролик паспортини расмийлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ мавзулар ҳам ўртага ташланди. Иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.