Ёшларни чиниқтириш маскани

Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Фарғона шаҳар ўқув спорт техника клубида малакали олий маълумотли мутахассислар учта тўгаракдаги машғулотларда ёшларга ва қизиқувчиларга қунт билан сабоқ беришмоқда.

Тўгаракларда фаол қатнашаётган катта ёшлилар ва вояга етмаганлар ўтган йилги мусобақаларда ўнлаб медаль ва мукофотларни қўлга киритдилар.

Масалан, “Корд авиамодел” спорт туридан Валерий Варденян Навоий шаҳрида ўтган Ўзбекистон чемпионатида II-ўринни эгаллади. Шу шаҳардаги беллашувларнинг “Ракета модел” турида Юрий Киселев III-ўрин соҳиби, Самарқанд шаҳридаги мусобақада “Авиамодел” тури бўйича ёш бўлишига қарамай Темур Қодиров ҳам III-ўринни эгаллади.

Ҳозирги пайтда “Радиоспорт” тўгараги қатнашчилари кўпайиб бораётганлиги диққатга сазовор. Уларнинг аъзолари 61 нафарни ташкил этиб, вилоят ва республика мусобақаларида муваффақиятли иштирок этмоқдалар.

Равшанбек Абдураҳимов телеграфда алоқа тиклаш бўйича республика мусобақасида тоифаси бўйича 1-ўринга, умумий ҳисобда 2-ўринга кўтарилиб, диплом ва кумуш медал олишга эришди.

Радиоҳаваскорлар ҳам юқори натижаларни қайд этдилар. Бу жамоада Фарғона тумани 30-мактабдан Шохрухмирзо Азамов, Бобурмирзо Сайдаҳмедов, 10-мактабдан Шоҳназим Мирзаакбаровлар мусобақаларда қатнашиб II-спорт разрядига ва дипломга эга бўлишди.

2-тоифали радиоҳаваскор Саидаҳмад Камолов II-ўринни, III-тоифали радиоҳаваскор Ўлмасбек Отанов ҳамда Абдураҳмон Қамбаровлар ҳам кучли ўнталикдан жой олишди. Қисқа тўлқинли радиостанцияли жамоалар ўртасидаги республика беллашувларида ҳам вакилларимизнинг омадлари келди. Шахсий биринчиликда II-ўринга эга чиқдилар. Умумий ҳисобда эса С.Камолов кумуш, Ҳамидулло Бўтабоев бронза медалига сазовор бўлишди. 1-тоифали радиоҳаваскорлар ичида Қодирали Холдоров, III-тоифа радиоҳаваскорлар ичида Маҳаммаджон Жўраевлар дипломлар билан тақдирланишди.

Шунингдек, халқ хўжалигига 500 ўрнига 521 нафар “В” тоифали ҳайдовчилар тайёрланиб, режа ортиғи билан уддаланди. Бу ишларда Анвар Усмонов, Исроил Турсунов, Давлат Мирзаев, Умид Асқаров каби ўқитувчи ва техник ходимлар ибратли фаолият кўрсатишяпти.