Йўқловдан кўнгиллар шод

Шу йилнинг 28 апрель куни қабул қилинган “1941-1945 йиллардаги уруш фахрийларини, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан вилоятимиз бўйлаб эзгу чора-тадбирлар тобора кенг қулоч ёзмоқда.

Хусусан, иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари хонадонига мурувват ташрифларининг амалга оширилаётгани кексаларга ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан уруш фахрийлари учун тайёрланган қимматбаҳо туҳфа – қишки ва ёзги кийимлар жамланмасини вилоят “Нуроний” жамғармаси вакиллари мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ўз эгаларига топширдилар.

Фарғона шаҳрининг ўзида 16 нафар кексаларимиз хонадонига саховатли ташриф амалга оширилди.

– Дунёдаги энг бахтли халқмиз. Чунки юртимизда ёш авлод ҳам, кексалар ҳам доимо эъзоз ва эътиборда. Бугунги йўқловдан бошим кўкка етди. Юртимиз янада тараққий этсин, Президентимиз омон бўлсин, дея дуога қўл очаман. Мана шундай бахтиёр кунлар насиб этганига шукр, – дейди шаҳарнинг Собурбулоқ маҳалласида яшовчи уруш фахрийси, 93 ёшли Мўминжон ота Анорбоев.

– Мамлакатимизда инсон азиз, – дейди Беруний маҳалласида яшовчи онахон Пелагея Просяник. – Ҳар бир нуроний йилдан йилга кўпроқ қадр ва эъзоз топмоқда. Уларнинг саломатлиги, маданий дам олишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунинг учун ҳамиша биз қариялар истиқлолимиз абадий, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Уруш фахрийларининг суронли жанггоҳларда кўрсатган жасорати, Ватан ҳимояси йўлидаги мардонавор кураши бугунги авлод учун улуғ ибрат ва сабоқдир. Нуронийлар ҳузурида бўлган мутасаддилар ана шулар ҳақида тўхталишди. Йўқловлардан фахрийларнинг оила аъолари ҳам чексиз миннатдор бўлишди.

Бу каби ташрифлар ҳар бир туман, шаҳарда амалга оширилиб, нуронийларнинг хонадонида самимий изҳорлар билдирилмоқда.