Тез тиббий ёрдам хизматида ўзгаришлар

Қўқон шаҳридаги 12 та шифохона, 11 та оилавий поликлиника, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 1 та болалар стоматология поликлиникасида 6011 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда.

Шошилинч тиббий ёрдам шифохонамиз Қўқон шаҳри ва 7 та атроф туман аҳолисига хизмат кўрсатади, – деди шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Комилжон Сирожиддинов. — Шифохонага мурожаат қилаётган беморларга кўрсатилаётган шошилинч тиббий ёрдам хизматини янада яхшилаш, хасталикларга ўз вақтида тўғри ташхис қўйиш ва малакали ёрдам кўрсатиш мақсадида туну-кун рентген, ФГДС, УЗИ хоналарида навбатчиликлар ташкил этилган.

Мазкур шифохонада малакали мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш мақсадида йил охиригача 1 нафар хирург ва акушер-гинеколог Россия Федерациясининг етакчи илмий марказларида малака оширишлари режалаштирилди. Бундан ташқари жорий йилда мазкур шифохонада фаолият олиб бораётган жарроҳ шифокорлар Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида Лапораскоп усулида жарроҳлик амалиётини бажариш бўйича 6 ойлик ихтисослаштирилган курсларда малака ошириб қайтдилар. 1 нафар жарроҳ шифокор эса юз пластик жарроҳлиги бўйича худди шундай малака ошириш курсига юборилди. Жорий йил мобайнида 12 нафар шифокор шу соҳа мутахассислиги бўйича Тошкент ва Андижон врачлар малакасини ошириш институтларида қайта тайёрлаш курсларини ўтадилар.

Шаҳарда тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурига асосан 15 йилдан ортиқ хизматда фойдаланилган 7 та маънавий эскирган санитар транспортлар ўрнига шунча янги автомашиналар олинди. Тез тиббий ёрдам бригадалари учун марказлашган ҳолда дори-дармон ва тиббий жиҳозлар Ўзбекистон Республикаси шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш илмий маркази Фарғона филиали орқали амалга оширилмоқда. Ўртача бир марталик чақириққа дори-дармон учун ишлатилган маблағ 3000 сўмни ташкил этади.

Бугунги кунда шаҳар аҳолисига 19 та тез тиббий ёрдам кўрсатиш бригадаси хизмат кўрсатмоқда. Бундай хизмат самарадорлигини янада ошириш мақсадида 11 та оилавий поликлиникаларга ҳам тез ёрдам бригадалари бириктирилди ва 16 та хизмат автомашиналарига 7200,0 минг сўмлик навигатор мосламалари ўрнатилди. 2 та махсус ихтисослаштирилган чақирув бригадаси эса 8935,0 минг сўмлик ЭКГ аппарати билан жиҳозланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақсимоти асосида 2018 йилда бирлашма 1 дона дифибрилятор  (юрак тўхтаганда тезкор юрак фаолиятини тиклаш мақсадида ишлатиш учун), 2 дона электрон сўрғич билан таъминланди.