Энергетика ривожи – фаровонлик омили

Энергетика тармоғи иқтисодиётнинг муҳим йўналишларидан бири саналади. Негаки, энергия манбааларининг сифатли етказиб берилиши аҳоли фаровон турмушини яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Лекин электр энергетикаси тармоғида мавжуд имконият ва салоҳиятдан етарлича фойдаланилмаётганлиги кўзланган ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва мамлакатни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Ресурс ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш даражасининг пастлиги, тегишли инфратузилмани янгилаш суръатларининг сустлиги технологик йўқотишларнинг ошишига ва электр энергиясини етказиб беришда, айниқса, жойларда узилишларга олиб келмоқда.

Тармоқ корхоналарини бошқаришнинг бюрократлашган тизими ва меҳнат ресурсларидан самарасиз фойдаланиш уларнинг иш фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини пасайтирмоқда ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатларнинг ўсишига олиб келмоқда.

Бу каби муаммоларга барҳам бериш мақсадида жорий йилнинг 23 октябрь куни Президентимизнинг “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат илғор хорижий тажриба, замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида электр энергетикаси тармоғида давлат бошқарувининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳаётга татбиқ этилди.

Қарорда қайд этилганидек, 2018-2020 йилларда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, электр энергияси ҳисоби ва истеъмолини назорат қилишни такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Жалб қилинадиган кредитлар ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан йилига умумий узунлиги 7,1 минг километр бўлган янги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, 2500 та трансформатор пунктини ўрнатиш ва модернизация қилиш белгиланди. Шунингдек, республиканинг ёқилғи-энергетика комплекси фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш билан боғлиқ барча комплекс масалаларни юклаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги лойиҳанинг алоҳида қайд этиб ўтилгани соҳадаги ислоҳотларнинг нақадар улканлигини англатиб турибди.

Электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУЭ 4-фаза) жорий этиш лойиҳаси Фарғона вилоятида ҳам амалга оширилиши диққатга сазовордир. Қолаверса, халқаро молия институтлари билан биргаликда мамлакатнинг иссиқлик электр станцияларидан бирида буғ-газ қурилмасини қуриш, шунингдек, Андижон, Наманган, Фарғона шаҳарларидаги электр энергияси тарқатиш тармоқларини модернизация қилиш тажриба лойиҳасини давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш муҳим чора-тадбирлар сирасига киритилди.

Электр энергияси қувватининг оширилиши, унинг сифатли тарзда етказиб берилиши аҳолини мамнун этмоқда. Айни шу омилларга таяниб вилоятимизда ҳам самарали тадбирлар олиб борилмоқда. Шу жараёнда фуқароларнинг бурч ва масъулиятини англаб етиши ҳам муҳим саналади.

Кунлар совий бошлаши билан ҳамюртларимиз электр иситгичлардан фойдалана бошлайдилар. Ҳатто бир хонадонда икки-учталаб электр печкалар тинимсиз ишлатилади. Офис ва идораларда ҳам шундай ҳолатлар кузатиляпти. Жуда катта электр қуввати  талаб қиладиган бундай мосламаларнинг тўхтовсиз ишлаши оқибатида кабеллар яроқсиз ҳолатга  келади. Трансформаторларнинг куйиб  кетиши, авария ҳоллари юз беради.  Уни таъмирлангунга  қадар  кўп  хонадон ва ташкилотларнинг соатлаб энергиясиз қолишига тўғри  келади. Демак, энергиядан тежаб-тергаб фойдаланиш, электр энергия тўловларини ўз вақтида тўлаш бугун жуда катта аҳамиятга эга. Зарурати бўлмаганда  компьютер  ёки  кундузи  ёниб  турган чироқларни ўчириб  қўйиш  эса ҳамёнингизга фақат фойда келтиради. Тежамкорликнинг яна бир кўриниши бу мавжуд чўғланма лампаларни замонавий тежамкор лампаларга алмаштирилишидир.

Замонавий тежамкор лампалар нафақат электр энергияси, шу билан бирга ҳамёнингиздаги маблағни ҳам тежалишига хизмат қилади. “Фарғона электр тармоқлари” ОАЖ ва вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси томонидан ижтимоий соҳа ва бошқа бюджет корхоналаридаги мавжуд чўғланма лампаларни энергия тежайдиган лампаларга алмаштириш режаси  асосида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Белгиланган режага  кўра,  вилоятимиз  шаҳар ва туманларидаги ижтимоий соҳа объектлари ҳамда бюджет корхоналарида мавжуд чўғлама лампаларни замонавий, тежамкор лампаларга  алмаштириш  ишлари босқичма-босқич олиб бориляпти. Вилоятимизнинг  иқтисодий тармоқлари,  ижтимоий соҳа ва  маиший  истеъмолчиларидаги  мавжуд  чўғланма  лампаларни  светодиод лампаларга  алмаштириш  2018  йилда  760716 дона белгиланиб,  октябрь  ойига  қадар  458094 донага  алмаштирилди, – дейди “Фарғона электр тармоқлари” ОАЖнинг электр тақсимлаш муҳандиси  Сардорбек  Пўлатов. – Шундан саноат соҳасида  2596 дона, қурилиш ва транспорт  тизимида  571 дона, қишлоқ  хўжалиги  соҳасида 1688 дона,  коммунал соҳада 1230 дона,  бюджет ташкилотлари 15574, хусусий тадбиркор ва тижорат истеъмолчилари 16085 дона, аҳоли хонадонларида 420350 дона чўғланма лампалар  светодиод  лампаларга алмаштирилди.

Шу ўринда фойдаланилган электр энергияси учун пулни ўз вақтида тўлаб қўйиш шарт ва зарурлиги, бундан давлат ҳам, истеъмолчилар ҳам бирдек манфаатдор эканлигини айтиб ўтиш жоиз. Шундагина хонадонимиз чароғон, турмушимиз баракали бўлади.