Халқ табобати ва замонавий тиббиёт

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори мазкур соҳада юзага келган муаммоларни бартараф этиш билан бирга, халқ табобати усуллари ва ютуқларидан самарали ҳамда хавфсиз фойдаланиш учун шарт-шароит яратади, замонавий тиббиёт билан уйғунлашувини таъминлайди.

Дарҳақиқат шу кунга қадар халқ табобати усулларининг хавфсизлиги етарлича кафолатланмаган эди. Оқибатда табиб муолажаси наф бермай, айрим беморларнинг аҳволи оғирлашиб шифокорга мурожаат қилишарди. Боз устига баъзи табибларнинг маълумоти, касбий малакаси ҳеч кимни қизиқтирмаган. Улар ўз уйларида ҳеч қандай лицензияга эга бўлмаган, бюджетга солиқ тўламаган ҳолда фаолият олиб боришарди. Лекин шундай бўлса ҳам беморлар орасида табиблардан нажот кутадиганлар йўқ эмас.

Юқоридаги қарор билан халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби жорий этилди. Эндиликда халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларга ўз фаолиятининг натижалари бўйича тиббиёт ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳажмда жавобгар ҳисобланишини таъминлаш бўйича бир қатор вазифалар юклатилди.

Шунингдек, халқ табобати соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш ва назорат қилишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда кўрсатилган хизматлар учун жавобгарликни белгилаш, халқ табобати соҳасида етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш амалиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик қилиш асосида халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш вазифалари белгиланди.

Республика тиббиёт олий ўқув юртларининг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши”, “Тиббиёт-педагогика иши” бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув циклини жорий этиш бўлажак шифкорларнинг халқ табобати усулларидан хабардорлигини ҳам таъминлайди. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида халқ табобати кафедраси ва “Халқ табобати” йўналиши бўйича малака ошириш курсини ташкил этилиши эса замонавий тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган шифокор-мутахассисларнинг аждодларимиздан мерос қолган халқ табобати соҳаси сир-асрорларини ўрганишлари, бу борада ноёб манбаларни излаб топиш ва тадқиқотлар олиб боришлари учун муҳим омил бўлади.

Халқ табобати ўз навбатида ўсимликлар дунёсига таянади. Серқуёш заминимиз табиати эса шифобахш ўсимликларга бой бўлганлиги учун халқимиз турли касалликларни даволашда ана шу ўсимликлардан фойдаланиб келади.

Буюк олим ва мутаффаккир, табобат илмининг султони, Европада Авиценна номи билан машҳур бўлган ватандошимиз Абу Али Ибн Синонинг қолдирган бой мероси мазмун-моҳияти билан инсониятни ўсимликлар дунёси билан чамбарчас боғланиб яшашга қаратилган. Зеро,   шифобахш ўсимликлардан тайёрланган малҳамлар асрлар оша ноёб хусусиятлари билан минг дардга даво бўлиб келмоқда.

Бу борада Учкўприк тумани, Ўрозмерган қишлоғи ҳудудида “Меҳригиё” шифобахш гиёҳлар етиштириш корхонасида бугунги кунда 115 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. 80 турдаги маҳсулот Россия, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинади.

Президентимизнинг халқ табобати соҳасини тартибга солиш тўғрисидаги қарори корхонамиз фаолиятида ҳам жуда катта ўзгаришлар ясайди, — дейди корхонага қарашли ботаника боғи раҳбари, биология фанлари номзоди Абдураҳмон Собиров.- Ҳозирги кунда шифобахш дамламаларни ёғ, бальзам, асал усулида тайёрлашга эришилди. Папая, растаропша, мойчечак, топинамбур, қора андиз, сано, тоғсумбули, далачой… ҳеч қандай кимёвий ишлов берилмаган, табиий соф ҳолда маҳсулотга айлантирилади.

Айни пайтда халқ табобати усулларига мувофиқ ҳолда ҳар бир ўсимликнинг фойдали хусусиятлари билан бирга ножўя таъсирлари ҳам чуқур ўрганиб борилади. Масалан мойчечак ҳақиқатдан ҳам шифобахш ўсимлик. Бироқ ўсимлик узоқ вақт истеъмол қилинганда организмдан калий моддасини ҳам чиқариб юборади. Ана шу моддани сақлаб қолиш ва ўсимликларни бир-бирини қувватлантирувчи таъсирини ошириш мақсадида йиғма чойларни қадоқлашни  йўлга қўйганмиз. Истеъмолчилар орасида папайя дамламаси жуда машҳур бўлиб кетди. Бу неъматнинг шифобахш хусусиятларини бутун дунё тиббиёт олимлари эътироф этишмоқда. Буюк Британия олимлари папайя меваси ва қуритилгани кимётерапия таъсир қилмаган саратон тўқималарини йўқ қилиш хусусиятига эга эканлигини аниқлашди. Американинг Флорида университети тиббиёт фанлари доктори Нам Дан унинг қуритилган баргидан тайёрланган экстрат хавфли ўсмаларни йўқотганини синаб кўрди. Унинг таркибидаги цитокинлар ўсмалар ва инфекцияларга қарши хусусияти бўлган оқсил моддаларини қўллаб-қувватлайди.

Бундан ташқари ботаника боғида Гуава, Хаома каби ўсимликлар ўстириш йўлга қўйилиб уларнинг мевалари, баргларидан шифобахш чойлар, ёғлар, асал, бальзамлар ва зираворлар тайёрланиб халқ истеъмолига чиқарилмоқда.

Вилоятимизда амалий фаолият билан шуғулланувчи  халқ табобати академияси аъзолари, олий тоифали шифокорлар Бағдод туманидан Абдуфаттоҳ Бойматов, Ҳолмуҳаммад Абдувоҳидов, Учкўприк туманидан Собиржон Юсупов, Марғилон шаҳридан Бахтиёржон Ёқубов, Малоҳат Абдураҳимова беморлар учун ёзиладиган муолажа рецептларига  “Меҳригиё” дамламалари, экстрактларини киритишган. Улар анча йиллардан бери мазкур корхона билан ҳамкорлик олиб боришади.

Вилоятимиз шаҳар-туманларидаги дорихоналарда “Расторопша”, “Ромашка” ёрлиғи остида махсус қадоқланган компонентлар рецептсиз берилади. Зеро бу малҳамлар озиқ-овқат маҳсулотлари сарасига ҳам киради.

Шарқ табобати олимлари ҳар бир озуқа моддасининг ози шифо, кўпи таомдир дея уқтиради. Шунга кўра доривор ўсимликларнинг дамламалари инсон учун озуқа бўлиш билан бирга беморга шифо манбаидир.

Президентимизнинг халқ табобатига доир мазкур муҳим қарори том маънода аҳоли саломатлигини асраш, тиббий маданиятини юксалтириш, табобат соҳасидаги билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.