Хайрия тадбири

Фарғона  вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, прокуратура идоралари, ёшлар иттифоқи  ҳамкорликда   шаҳардаги  “Ҳайвонот боғи” да хайрия  тадбири ўтказилди.

Тадбирга 300 нафар кам таъминланган, нотинч оилалар фарзандлари, имконияти  чекланган  ҳамда махсус  ҳисобда  турувчи вояга етмаганлар таклиф қилинди. Қатнашчилар бепул “Ҳайвонот боғи” га саёҳат қилишди. Болалар  турли жониворларни кўриб, бир олам завқ олишди.

Вилоят қўғирчоқ театри актёрлари улар учун эртаклар оламига етакловчи саҳна кўриниши намойиш этдилар. Шаҳар маданият уйи хушовоз хонандаларининг дилрабо қўшиқлари, раққосаларнинг жозибали рақслари даврага ўзгача кайфият улашди.

Шу куни ташкилотчилар томонидан 15 нафар уйда якка тартибда билим олаётган  ўқувчиларга  ўқув  қуроллар жамланмаси ва  шаҳардаги 23-мактаб ўқувчиси  Самандар Аъзамовга ногиронлик аравачаси тақдим этилди. Самандар билимга чанқоқ, расм чизиш, шеърларни ифодали ўқиш бўйича тенгдошларидан қолишмайди. Унинг қобилиятини юзага чиқариш мақсадида хонадонига алоҳида ўқитувчи бириктирилган.

Хайрия  тадбирида  иштирок  этганлар  ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.