Анор етиштириш технологияси

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида Фарғонада анорчиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Вилоятда ташриф чоғидаги топшириқлар ижроси учун вилоят раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар, фермерлар саъй-ҳаракат қилиб, ғайрат кўрсатмоқдалар.

Риштон тумани “Амиробод зиёси” фермер хўжалигининг 10 гектарли майдонида 2018 йил 3 ноябрь куни “Анор етиштириш агротехнологияси” мавзусида кўргазмали ўқув семинари ташкил этилди.

Семинарда Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев, вилоят анорчилар уюшмаси раҳбари М.Сайфуддинова, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Саидов, туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиқлари, фермер хўжалиги раҳбарлари ва тегишли мутахассислар қатнашдилар.

Семинарда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев давлатимиз томонидан анорчилик соҳасига қаратилаётган эътибор, анорнинг аҳамияти, Ўзбекистон аҳолисининг анорга бўлган талаби тўғрисида маъруза қилди.

Шундан сўнг, вилоят анорчилар уюшмаси раиси М.Сайфуддинова  анор етиштириш агротехникаси бўйича маъруза қилди: “Анор экиш учун ерга         20-40 тонна маҳаллий ўғит солиниши лозим, шундан сўнг ер 30-40 см чуқурликда ҳайдалади, кейин эса 4х3 схемада экилганда 833 та кўчат, 3х3 схемада экилганда 1111 та кўчат сарфланади. Куз фаслида экилган кўчатлар совуқ урмаслиги учун ноябр ойи охири, декабр ойи бошларида кўмилади. Анор кўчати экилганидан кейин биринчи йилдан бошлаб, 30-40 см баландликда 4-5 та асосий шох қолдирилиб, паст бўйли дарахт кўринишида ёки 3-4 асосий шох қолдирилиб, бутасимон шакл берилади. Анорзорларга 20-30 тонна маҳаллий ўғит,  минерал ўғитлардан азот-120 кг, фосфор-90 кг, калий 60 кгдан ўғитлантирилади. Анор мевасини октябрь ойида ёмғир ёғмасдан ва совуқ кунлар бошланмасдан олдин териш лозим. Меваларни териш чўзилиб кетса, анорнинг ёрилиши кундан-кунга ошиб кетади”.

Шундан сўнг, тегишли мутахассислар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан анорчилик юзасидан ўзаро фикр алмашилди ва вилоятда анорзорлар барпо этиш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.