Қуёш ҳароратида пишаётган таом

Юртимизда муқобил энергияни халқ хўжалигида қўллашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу юртдошларимизга қулай имконият яратиш баробарида, ёш олимларнинг салоҳиятини намоён этишида муҳим жиҳатдир.

Ана шу омилга таянган ҳолда Фарғона политехника олийгоҳининг ер усти транспорт тизимлари ва эксплуатация кафедраси доценти П.Файзиев бошчилигида М.Турдиев, К.Набиев, Н.Отабоевлар, ёш изланувчи ўқитувчилар Д.Ташев, Н.Обидов, И.Икромов, М.Қосимовлар инновацион қурилма яратиб, уни синовдан ўтказишди.

Мазкур инновацион қурилма бепул муқобил энергия ёрдамида овқат тайёрлашга мўлжалланган. Ушбу жиҳозга электр энергияси, газ, ўтин, суюлтирилган баллонли газ, кўмир ва бошқа ёнилғилар мутлақо керак эмас. Ўзбекистонда 300 кун давомида қуёшли кунлар бўлади. Янги ихтиро орқали турли таомлар, нон ва нон маҳсулотлари, сомса, ширинликларни пишириш синовдан ўтказилди.

Жорий йилнинг 28 сентябридан 5 октябрь кунигача инновацион қурилма тажрибадан ўтказилди. Унинг афзал томонларидан яна бири шуки, мазали овқат ва қандолат пишириқлари ҳеч қачон тагига олмайди. Бунинг сабаби қурилма ичидаги ҳароратнинг мўътадиллигидир. Қурилмадаги печка ҳарорати 130-140 градусга кўтарилади, ишлаш ресурси 10-15 йилгача. Ҳозирги қуёш ҳарорати паст кунларда ҳам қурилма энергия олиш қувватини йўқотмайди. Мисол учун босма, шўрва, мастава 2, 2,5 соатда, пирог 1,5-2 соатда, буханка нон 1 соату 50 минутда, сомса 1,5 соатда тайёр бўлади.

Инновацион қурилма электр ва газ етиб бормаган ҳудудларда – якка хўжаликлар, дала шийпонларидаги ишчилар учун жуда қулайдир. Уни ишлатиш жуда оддий – болалар, аёллар ва қариялар овқатни тайёрлаш ва уни иситиш тизимини бемалол ўзлаштириб олишлари мумкин. Уни жойидан жилдириш учун ғилдириклар ўрнатилган.

 И.ТУРСУНАЛИЕВ,

Фарғона политехника институтининг

ер усти транспорт тизимлари ва

эксплуатация кафедраси ассистенти.

М.ФАЙЗИЕВА,

институт ахборот-ресурс марказининг

2-тоифали кутубхоначиси.