Долзарб масаладаги муҳим ҳужжат

Аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида  аввало уларнинг бандлигини таъминлаш, манфаатини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий-меъёрий хужжатлар ишлаб чиқилиб, хаётга татбиқ этилмоқда.

Хусусан,  Ўзбекистон Республикасининг  2018 йил  16 октябрда қабул қилинган  “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим ҳужжатлардан биридир.

Мазкур қонун 34-моддадан иборат бўлиб, хусусий бандлик агентликларининг фаолияти билан боғлиқ муносабатларини тартибга солади.

Хусусий бандлик агентликлари томонидан амалга ошириладиган хизмат турлари ушбу қонуннинг 10-моддасида белгилаб берилган. Хусусий бандлик агентликлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахслар учун муносиб иш, иш берувчилар учун  эса кадрлар танлаш, шунингдек мамлакатимиздан ташқарида иш қидираётган шахсларни бандлигини таъминлаш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматларини қонуний асосларда амалга оширади.

Қонуннинг 13-моддаси “Хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар”, деб номланган. Ушбу хизмат айни кунда жуда муҳим ва кўпчиликни қизиқтираётган масаладир. Хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистондан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлари уларда фаолиятни амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда тақдим этилади. Ушбу фаолият ҳам агентлик ва иш қидираётган шахс ўртасида тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатилади. Қонунда  бу борадаги шартлар ва йўл-йўриқлар батафсил баён  этиб ўтилган.

Хусусий бандлик агентлигининг ҳуқуқлари қонуннинг16-моддасида белгилаб берилган. Унга кўра, хусусий бандлик агентлиги шартномага асосан пулли хизмат кўрсатиш, ишга жойлаштириш фаолиятини амалга ошириш учун давлат хокимияти ва бошқаруви органларидан ахборот олиш, иш қидираётган шахслардан, шунингдек,  иш берувчилардан ишга жойлаштириш учун зарур хужжат  ва ахборот олиш, иш қидираётган шахслар ва иш берувчилар ишга жойлаштириш масалаларига доир хужжатларни ҳамда ахборотни  тақдим этмаган тақдирда хизмат кўрсатишни рад қилиш хуқуқларига эга.

Қонуннинг 26-моддасида хусусий бандлик агентликлари умумий манфаатларни ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида бирлашмаларини тузиш хуқуқига эгалиги белгиланади.

Хуллас, хусусий бандлик агентликлари аҳолини иш билан таъминлашдек долзарб давлат сиёсатини амалга оширишда муҳим бўғин бўлиб хизмат қилиши  муқарардир.

Мазкур қонун жамият ва халқимиз хаётида катта аҳамият касб этади.

 

Р.МАЖИДОВ,

     Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.