Вайронкор ғояларга йўл бермаймиз

Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризм дунёнинг деярли барча мамлакати тинчлиги учун хавф туғдирмоқда. Экстремизм давлатнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлигини издан чиқаради, жамият тараққиёти ҳамда фаровонлигига таҳдид қилади. Бу эса унга қарши чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишни тақозо этади. Шундан келиб чиққан ҳолда вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ёшлар ўртасида бир қатор тарғибот ишларини олиб бормоқда.

Ана шундай тарғибот тадбири Фарғона давлат университетида ҳам ўтказилди. Президентимизнинг 2017 йил 15 ноябрь куни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланган фикрлар олдимизга бир қатор вазифаларни қўйди. Бу борада олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш мақсадида вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят бўлими билан ҳамкорликда Қўшма тарғибот режаси тасдиқланган. Тадбирда асосий эътибор шу жиҳатга қаратилди.

Тадбирда сўзга чиққан Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” жоме масжиди имом-хатиби Носиржон Охунов, вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси вакиллари Сарвар Фаттохов, Муҳиддинжон Усмонов, вилоят хотин-қизлар қўмитасининг котибият мудири Дилором Ғофуровалар экстремизмнинг олдини олиш, шу жумладан, аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, унинг юзага келишига имкон берувчи сабаблар, шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишдаги изчил чора-тадбирлар ҳақида атрофлича тўхталдилар.

Тадбирда диний сабоқ беришда адашган, вайронкор ғоялар таъсирига тушиб жавобгарликка тортилган ва давлатимизнинг инсонпарварлик тамойили асосида авф этилган бир гуруҳ юртдошларимиз ўз кечинмалари ва афсусларини баён этдилар. Ёшларни огоҳ бўлишга чақирдилар.

– Кўрганларимизни ва мазмунли маърузалардан олган таассуротларимизни бошқа тенгдошларимиз билан ҳам ўртоқлашамиз.  Чунки бугун дунёнинг ҳамма минтақасида ҳам осойишта ҳаёт ҳукм сураётгани йўқ. Буни аввало, биз ёшлар кўпроқ англашимиз керак. Бугунги тадбирга бир қатор ютуқларни қўлга киритган истеъдодли тенгдошларимизнинг таклиф этилгани ҳам бежиз эмас. Навқирон авлод вакиллари учун яратилган кенг имкониятлар Ватанимизнинг содиқ фарзандлари бўлишимиз йўлидаги улкан ғамхўрликдир. Буни ҳис этишимиз, мақсад сари астойдил интилишимиз зарур деб ўйлайман,  – дейди ФарДУ талабаси, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Муштарийбегим Қурбонова.

Тадбир давомида ёшлар эътиборига “Ҳужрадаги зулмат” номли ҳужжатли фильм ҳавола этилди.