Аҳоли бандлиги – устувор вазифа

Аҳолини иш билан таъминлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида қайд этилган. Бу борадаги ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона шаҳри бўйлаб меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Ана шундай ярмарка шаҳар прокурори сектори доирасида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тасарруфидаги маданият саройида ҳам бўлиб ўтди. Унда иш излаётган фуқаролар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган опа-сингилларимиз иштирок этди.

Ярмарка доирасида маҳаллий ҳокимлик, бандлик ва меҳнат муносабатлари бўлими ва бошқа корхона, ташкилотлар вакиллари иштирокида юртдошларимиз билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Самимий суҳбатларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш, тижорат банклари кредитларидан фойдаланиш каби мавзулар юзасидан саволлар ва таклифлар ўртага ташланди. Ёшларни қизиқтирган мавзулар бўйича керакли тавсиялар берилди.

Ярмаркада 128 нафар фуқароларга ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди. 50 нафар юртдошларимиз ўзларига маъқул бўлган корхона, ташкилотлар билан шартнома имзоладилар. 30 нафари эса жамоат ишларига жалб қилинди.

– Ўтказилаётган тадбирнинг асосий иштирокчилари ёшлар. Шу сабабли ҳам мутахассислигимизга мос иш ўринларини таклиф этишди. Мен тиббиёт соҳаси бўйича мутахассисман. Корхона, ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишиб ўз иш жойимга эга бўлиш ниятидаман, – дейди ярмарка иштирокчиси Зилола Қурбонова.

Шу куни халқимиз учун бепул тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Малакали шифокорлар томонидан аниқланган хасталиклар бўйича юртдошларимизга тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилди. Ёш ва истеъдодли санъат усталари томонидан бадиий дастурлар намойиш этилди.

Худди шундай ярмарка шаҳарнинг Абдулла Қодирий мавзесида жойлашган “Мир” савдо мажмуасида ҳам бўлиб ўтди. Унда 300 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан қатнашдилар. Ярмаркага Марғилон ва Қувасой шаҳрида яшовчи фуқаролар ҳам таклиф этилди. 18 та тижорат банклари томонидан кредит масаласи ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

Ярмаркада бепул тиббий кўрик ўтказилиб, фуқароларга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари томонидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди. Турли касаллик аниқланган 14 нафар беморлар амбулатор шароитда даволаниш учун тиббий муассасаларга юборилди.

Шу куни 253 нафар юртдошларимизга ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди. 115 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб қилинди. 12 нафар фуқаролар билан банк кредитлари юзасидан шартномалар имзоланди.