Буюк ипак йўли чорраҳасидаги юрт

Айни кунларда Ўзбекистон ва Хитой мамлакатлари ўртасида ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий сингари кўплаб муҳим йўналишларда ўзаро ишончли ва дўстона муносабатлар тобора ривожланиб бормоқда.

Бу борада икки давлат раҳбарлари томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ташаббуслар, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга яхшиланиб бораётгани самараси сифатида ўзаро муносабатларимизда янги саҳифалар очилмоқда. Хитой Халқ Республикаси журналистлари ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, хусусан, уюшманинг Фарғона вилояти бўлими ўртасидаги самимий ҳамкорлик эса барча соҳалардаги алоқаларни бугунги давр талаби асосида ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шу йилнинг 17-20 октябрь кунлари Хитой марказий телевидениеси (Канал- 4)нинг бир гуруҳ журналистлари, режиссёр ва тасвирчилари ўзаро ижодий ҳамкорлик доирасида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида вилоятимизга ташриф буюришди. Ташриф давомида Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” корхонаси, “Ҳунармандлар маркази”, Пир Сиддиқ мажумаси, Марғилон шаҳар буюм бозори, ипакчилар сулолалари тасвирга олинди. Миллий либослар кўргазмаси, фолкьлор жамоалари куй-қўшиқлари, ўзига хос миллий таомлар намойиш этилди.

Мамлакатимизда серқуёш Ўзбекистон, Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган шаҳарларингиз ҳамда тарихий-маданий меросингизга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда,-дейди Хитой марказий телевидениеси режиссёри Пань Нин хоним. – Қолаверса, юртингизда хорижлик сайёҳлар учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилаётгани туризм истиқболини таъминлаяпти. Бу фильм орқали халқимизда Ўзбекистон ҳақида кенг қамровли тушунчаларни шакллантиришни режалаштирганмиз.

Юртимизга биринчи маротаба ташриф буюрган Хитой марказий телевидениеси мухбири Ли Цюин хоним ва тасвирчилар Хань Тин, Ван Цзиньининг таассуротлари бир олам. Телеижодкорларнинг эътироф этишича, ҳамиша кулиб турадиган, меҳмондўст халқимизнинг турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналари уларга жуда ҳам маъқул бўлибди.

Фарғонада ўзбек халқига хос миллий қадриятлар яхши сақланиб қолган экан,-дейди журналист Ли Цюин. – Миллий таомларимизда ҳам ўхшаш жиҳатлар кўп, дармондориларга бой мева-сабзавотлар ва ширинликларинг жуда ҳам мазали. Асл ипак матолар, атлас ва адрасларинг табиий жозибаси, сифати билан ҳар қандай инсонни бир зумда ўзига маҳлиё этади.

Ташриф режасига кўра 19 октябрь куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими матбуот марказида икки мамлакат оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда соҳада йўлга қўйилган кўп қиррали ҳамкорлик ва ҳамкорлик кўламини замонавий мезонлар бўйича янада ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳаза юритилди.

Пойтахт Тошкент замонавий шаҳар, Фарғона водийси ҳам ўзига хос унутилмас таассуротлар қолдирди,-деди анжуманда сўз олган Хитой марказий телевидениеси бош муҳаррири Ян Хуа. – Ташрифимиз давомида Сурхондарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига ҳам сафар уюштиришни режалаштирганмиз.

Юзма-юз мулоқотда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов Хитойнинг турли ҳудудларига амалга оширилган фарғоналик журналистлар делегациялари ва ўз навбатида Хитой ОАВ вакилларининг вилоятимизга ташрифи самаралари ҳақида қисқача сўзлаб берди, айни мавзуда ҳикоя қилувчи ҳужжатли лавҳалар намойиш этилди. Журналистика соҳасидаги янги услуб ва анъаналар, босма даврий нашрлар, телекўрсатувлар тайёрлаш ва интернет сайтлари фаолияти бўйича ўзаро тажриба алмашилди.

Матбуот анжуманида таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов томонидан ёзилган, ўзбек тилига ўгирилган икки халқнинг тарихи, узоқ ўтмишга бориб тақаладиган фалсафий қарашлари, Хитойнинг бугунги замонавий қиёфасини акс эттирувчи туркум китоблар борасида ижобий фикрлар билдирилиб, бундай саъй-ҳаракатлар халқларимиз ўртасидаги бардавом дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши мамнуният билан айтиб ўтилди.

Тадбир сўнггида ўзбекона урф-одатларимизга кўра меҳмонларга миллий либослар, китоблар ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Ўз навбатида Хитой марказий телевидениеси ижодкорлари томонидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимига Хитой тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар тўплами тақдим этилди.

Шунингдек, ташриф давомида хитойлик ҳамкасбларимиз Қувасой шаҳридаги “Водий тулпорлари” от спорти мактаби ва вилоятимиздаги бир қатор тарихий обидалар, маданий-маърифий масканлар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Суратни Муқимжон ҚОДИРОВ олган.