Холис хизмат жазоси

Аёл деб аталмиш нозик хилқатга биз аввало, она деб қарашга ўрганганмиз. Ор-номусни асраш аёлларимиз учун ҳар нарсадан устун қадрият бўлиб келган. Бироқ, ана шу бебаҳо номусни сотиб, ортидан даромад қилишни кўзлаган заифалар ҳам борлигига ачиниб кетасан киши.

Малика (қаҳрамонларнинг исм-шарфи шартли равишда ўзгартирилган) ҳам 2 нафар фарзанднинг онаси. Бу аёлнинг устидан  биринчи маротаба суд ҳукми ўқилди. У қўшмачилик жиноятига бош бўлди. Суриштирув-тергов жараёнларида Малика бу ишни фарзандлари ёлғиз унинг қарамоғида бўлгани учун қилганини, турмуш ўртоғи билан ажрашганлигини, иложсизликдан шу ишга қўл урганини важ қилиб кўрсатди. Ҳаром йўл билан топилган пуллар орқали фарзандлари тақдири ҳақида қайғураётган бу онанинг сўзлари қайси ҳаётий тамойилларга тўғри келаркин?

Воқеа тафсилотлари қуйидагича: Фарғона шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган “Орият” тадбири давомида осонгина пул топиш илинжида бўлган Малика 50 000 сўм эвазига хонадонида Гавҳар ва Баҳодирларнинг ўзаро жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб берди. Лекин унинг қўшмачилик жинояти ИИБ ходимлари томонидан фош этилди.

Суд Маликага нисбатан жазо тайинлашда унинг шахсини, айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан пушаймонлигини, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.

Умид ЖЎРАЕВ,

Фарғона шаҳар ички ишлар органлари

фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси

ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси, майор.