Қишлоқ хўжалигида сифат ва стандарт

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув истеъмоли соҳаларида ҳақиқий ҳолатни, ривожланиш истиқболларини чуқур таҳлил қилиш, уларни стратегик режалаштириш сиёсати бўйича таъсирчан ишларни йўлга қўйиш, мазкур йўналишлар бўйича бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида  жорий йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5418-сонли Фармони қабул қилиниб, ушбу соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилди.

Фармонга асосан, 2018 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзсувназорат» республика сув инспекцияси, машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси, чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси, давлат дон инспекцияси, «Ўздавуруғназоратмарказ» қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази тугатилиб, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясига юклатилди.

Президентимизнинг 7 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3699-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Молия вазирлигининг таклифларига асосан Инспекция қошида “Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш Маркази” давлат унитар корхонаси ҳам тузилди. Шунингдек, 1 августдан «Ўзстандарт» агентлигининг «Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш «Сифат» маркази» давлат корхонаси тугатилди.

Янги тузилган марказнинг асосий фаолият соҳаси Ўзбекистон Республикасида агросаноат мажмуи маҳсулотлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолатини таъминлаш ва маҳсулотларни  сертификатлаш  ҳамда  синаш бўйича хизмат кўрсатиш жараёнида қонун устуворлигини таъминлаш, маҳсулот сифати  ва ҳавфсизлигига экспертлик қилиш ҳисобланади.

Марказнинг асосий вазифаси Агросаноат мажмуи маҳсулотларидан намуналар танлаб олиш ва идентификациялаш, пахта тозалаш корхоналарида ишлаб чиқарилган пахта толасининг намлик кўрсаткичи давлат стандартида белгиланган меъёрдан ошиб кетмаслигини таъминлаш, пахта  толаси,  пахта  момиғи, пахта уруғи намуналари бўйича синовлар ташкил этиш, ўтказиш ва натижалари бўйича белгиланган тартиб асосида тўғри ва аниқ сертификатлаш ҳисобланади. Шу билан биргаликда пахта толаси ширадорлигини аниқлаш, пахта тозалаш корхоналари пахта толаси ва момиғи тойлари массаси, ташқи кўриниши, ўралиши ва тамғаланишининг давлат стандартларига мослиги, уларни сақлаш қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш, пахта тойларининг сифат кўрсаткичлари ва вазнини назорат қилиш, пахта техник чигитидан намуна олиш ва давлат стандартига мослиги бўйича синовдан ўтказиш, ёғ-мой корхоналарига бериладиган техник чигитнинг ёғдорлигини ҳамда улардан қайта ишланган маҳсулотлар синовини ташкил этиш, ўтказиш ва натижалари бўйича мувофиқлик сертификати  бериш, сертификатланадиган пахта маҳсулотлари ташқи кўринишининг стандарт  намуналарини тайёрлаш, реставрация қилиш ва бошқа бир қатор вазифаларни амалга оширади.

Август ойидан бошлаб вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси қошидаги “Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш Маркази” давлат унитар корхонасининг Фарғона вилоят ҳудудий филиали ўз фаолиятини бошлади.

Ҳудудий филиал пахта толаси, момиғи ва чигитни синовдан ўтказиш ҳудудий лабораторияси, қишлоқ хўжалиги экини уруғлари экинбоплигини синовдан ўтказиш лабораторияси, дон ва дон маҳсулотларини сифатини синовдан ўтказиш лабораторияси, Фарғона ёғ-мой корхонаси қошида чигитни синовдан ўтказиш лабораторияси, Қўқон ёғ-мой корхонаси қошида чигитни синовдан ўтказиш лабораторияси, Қўқон, Бешариқ, Ўзбекистон, Бағдод, Риштон, Тошлоқ, Қува пахта таёрлаш корхоналари қошида чигитни синовдан ўтказиш лабораториялари, Қўқон, Бешариқ, Ўзбекистон, Бағдод, Риштон, Тошлоқ, Қувада минтақавий уруғчилик лабораторияларида таркибий тармоқларга эга.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил  30 августдаги “2018 йил ҳосили учун пахта хом-ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 703-сонли қарорининг 7-бандида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясига пахта хом-ашёсини қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда пахта хом-ашёсини қабул қилишда соф (физик) вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ва чегирмаларнинг адолатли қўлланилиши юзасидан тизимли назоратни ўрнатиш вазифаси юклатилган ва бу топшириқ сифатли адо этилмоқда.

ДУК ходимлари жойларда “Ўзпахтасаноат” АЖ лаборатория синов таҳлилларида иштирок этиб, уларнинг давлат стандартлари талабларига асосан  ўтказилишини назорат қилган ҳолда синов натижаларини “Назорат китоби”га қайд этишмоқда. Бу ўз навбатида синов таҳлилларининг шаффоф, адолатли ва қонуний ўтказиш, пахта қабул қилиш масканларида фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини бермоқда.

Я.ЎРИНБАЕВ,

Давлат унитар корхонасининг Фарғона вилоят

ҳудудий филиали бошлиғи, адлия маслаҳатчиси.