Болага чиройли сўзлашни ўргатинг …

Она тили сезгиси шу тилдаги сўз ва жумланинг, улардаги бетакрор жилоларнинг синоатларидан хабардорлик асосида шаклланади. Шунинг учун болани сўзнинг ва жумланинг “ичи”га олиб кира билмоқ зарур. Бундай муайян сўз ва жумлани бошқа маънодошлари билан алмаштириш, бу жараёнда юзага келадиган маъно нозикликларини кўрсатиб беришдай синовдан ўтган усулларга кўпроқ мурожаат қилиш фойдалидир.

Лекин ҳозирги кунда боғча боласидан тортиб, мактаб ўқувчисигача тилимиздаги сўзларни бузиб гапиришлари, айрим сўзларни бошқа ажнабий сўзлар билан алмаштириш ҳолатларини кўрамиз. Масалан Алишер дейишни ўрнига “Алиш”, Баҳодир ўрнига “Боҳо”, Сарвиноз – “Сарви”, онани “мамуля”, отани “пахан”, математика – “матем”, жисмоний тарбия – “физра”, салом – “ҳелло”, тасдиқ – “окей” каби.

Кўп йиллик педагогик фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, инсонни боғча ёки мактаб ёшидан эмас, балки туғилишидан, яъни мурғаклигидан сўзларни тўғри талаффуз қилишга, жумлаларни ўринли ишлатишга, она тилимизнинг бой имкониятларидан унумли фойдаланишга ўргатиш нафақат педагог ва тарбиячиларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг – оила, маҳалла, ота-она ва бошқаларнинг диққат марказда туришини барча онгли равишда тушунмоғи керак деб ўйлайман.

Ўсиб келаётган ёш авлоднинг чиройли, мазмундор, ифодали сўзлаш санъатини ривожлантириш мақсадида китобга – бадиий адабиётга ошно қилиш ҳам ҳозирги куннинг энг долзарб масалаларидан бири эканлиги барчамизга аён. Чунки бадиий асарлар инсон маънавиятини, маданиятини, тарбияловчанлик хусусиятини ошириш билан бирга, унинг сўз бойлигини ривожлантиради, ҳар бир сўзни ўрнида ишлатишга ўргатади.

Кўча-кўйда, ёки айрим ташкилотлар биноларидаги афишалар ва турли ёзув лавҳаларига кўзимиз тушади. Не кўз билан кўрингки, уларда имло, услубий хатоларга йўл қўйилганлиги таъбимизни хира қилади. Масалан, лаборатория — лабаратория, қимматбаҳо буюмлар учун маъмурият жавоб  бермайди — қийматбохо кийимлар учун мамурият жавоб бермайди каби хатоларни учратамиз.

Ёки матбуот саҳифаларини варақлаганимизда ҳам кўплаб имло, услубий хатолар борлиги, бўғин кўчириш қоидаларига риоя қилинмаганлиги ачинарли ҳолдир. “Қишлоқ жойларида бир нечта кўп қаватли тураржой уйлари” — “Қишлоқ жойларда кўп қаватли турар жой бир нечта уйлари”, “Аллерголик тиббий хизмат — аллерг-олик тибий хизмат каби, жумлалар учрайди.

Тилимизнинг софлигини, миллийлигини, ифода йўсинларини абадий сақлаб қолиш учун юртимизнинг ҳар бир фуқароси – хоҳ хизматчи бўлсин, хоҳ тарбиячи бўлсин, хоҳ оддий ишчи бўлсин, хоҳ деҳқон бўлсин, бир ёқадан бош чиқариб, фидойилик билан ҳаракат қилса, мақсадга мувофиқ иш бўлар эди.

Фотимахон ҒОФУРОВА.

Марғилон академик лицейи

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.