Менга ўзбекча гапир, набирам

Глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечаётган шароитда миллий ғурур, ўзлик тушунчалари, қадриятларнинг улкан тимсоли-она тилимизни асраш, унинг сўзлашув имкониятларини кенгайтириш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири бўлиб қолди.

Чунки дунё ахборот алмашинув майдонига айланиб улгурди. Интернет олами одамларни ҳар сония турли жабҳаларда янгиликдан хабардор этиб турибди.  Одамларнинг турмуш тарзи, маиший шароити, ўзаро муомала маданияти, ҳаётий қарашлари ҳам ўзгариб бормоқда. Маиший рўзғор буюмларидан фойдаланиш, ейиш-ичиш, кийинишида замонавийлик кўринишлари пайдо бўлди. Техниканинг имкониятлари-ю чек-чегарасиз. Замон талаблари даражасида яшашга интилиш кучайгандан-кучайди. Бироқ…

Тараққиёт тилимизга бўлган меҳр ва эътиборни сусайишига монелик қилмаслиги керак. Афсуски бугунги кунда айрим одамларнинг маънавий ва маданий  ҳаётида ўзига хослик, миллий характер хусусиятлари секин-асталик билан йўқолиб бораётганига  сезиш қийин эмас. Гап моддий имкониятларни инкор этиш ҳақида кетмаяпти. Бу ерда бутун бир халқнинг мусаффо табиатини, эътиқодини қўрғонлаб турадиган она тилимизга ҳурмат ва эътибор ҳақида кетяпти. Ахир, рўйи-рост айтишимиз  керак кейинги йилларда чет тилларини ўрганиш бобида ёшларимиз анча-мунча мамлакат халқларини ортда қолдирди.  Аксарият ота-оналар болаларини рус, инглиз тилини ўқитишга асосланган боғча, мактабларга ўқишга бера бошладилар. Албатта бу интеллектуал салоҳиятни оширишга бўлган интилишдир. Аммо бу интилиш она тилимизни унутиш, унга мутлақо эътиборсизлик эвазига рўёбга чиқиши тўғримикин?!

Бундан бир неча йил аввал вилоят марказида пойтахтдан келган мутахассислар бошчилигида  семинар ташкилланди. Унга туман қишлоқларидан пахтакор, пиллакор, боғбонлар вакиллари ҳам таклиф этилгандилар. Тадбир асосан рус тилида олиб борилди. Ҳолбуки йиғилганлар орасида русийзабон одамлар йўқ эди. Чет элдан келган меҳмонга таржимонлик қилаётган киши ҳам рус ва инглиз тилларини “сув қилиб  ичиб юборган” экан, ўзбек тилида бирор жумла ҳам гапирмади. Қишлоқдан келган иштирокчилар семинарнинг мазмун-моҳиятини дурустроқ тушунмадилар. Ёки  ташкилотчилардан бирортаси  уларга маърузалар баёни ҳақида ўзбекча гапириб ҳам беришмади. “Презентация”, “Кофе-брек” деб номланган тадбирлар ҳам фақат рус тилида қизғин мунозаралар билан бўлиб ўтди. Кечга томон ўша қишлоқ аёллардан бири қўлидаги тақдимномаларга ишора қилиб, энди буларни бирортасига ўзбек тилига таржима қилдириб тушуниб оламиз-да,  деди.

… Ишбилармонлардан бири хусусий корхонасига  чиройли ном тополмаётганини билдирди. Унга ўзбек тили истеъмолидаги сўзларнинг рўйхатини тутқаздик. Ўқиб кўриб кескин жавоб қилди:

Э йўқ,  корхонамга инглизча ном қўяман, ўзбекча номлар истеъмолчиларни ўзига жалб қилолмайди. Бир дўстимиз “Роҳат” деган ресторан  очганди, ҳеч ким кирмади, охир-оқибат хўжалик моллари дўконига айланиб кетди. Чет тилидаги ном одамларнинг қизиқишини оширади-да.

Ҳа, айтишга ўнғайсиз, тушунарсиз бўлса ҳам, жимжимадор бўлса кифоя, тилимизга ёт сўзларни истеъмолимизга киритишга уринаётганлар учраб турибди. Бунинг яна бир исботи вилоят марказидаги ўнлаб супермаркетлар, гўзаллик салонлари, ошхоналар ғалати номлар билан аталадики, гоҳида тўғри талаффуз қилолмай ҳижолат тортасиз.

— Шаҳарга набираларимни кўргани бордим,- деди суҳбатдошим.- Бир-бирлари билан нуқул русча, инглизча гаплашишади. Камига келиним ҳам болаларини бирор юмушга буюргудек бўлса русча гапиради. Улар томоша қиладиган телеканаллар ҳам чет тилида. Биринчи синфга борадиган набирам бир уй  меҳмонларнинг ҳузурига “Здраствуй!” деб кириб келса бўлади-ми? Юрагим ўртаниб кетди. Ўзбекча “Ассалому алайкум” деб қўлингни кўксингга қўйиб саломлашгин, дея койиб бердим. Набирам парво ҳам қилмади. Тил билган эл билади, деймиз. Лекин бугунги кунда набирамга ўхшаб ўз элининг тилини билмай туриб тил билганлар сони кўпайиб кетяпти-да.

Суҳбатдошимизнинг гапида жон бор. Зарурат юзасидан баъзи хусусий клиника-шифохоналар,  маиший хизмат уйлари, шунга ўхшаш замонавий хизмат турлари мажмуаларига кирамиз. У ерда иш олиб бораётган миллатдошларимизнинг аксарияти рус тилида сўзлашишади. Тартиб-қоидалар уқтирувлари ҳам рус тилида.  Ўзларига таниш бўлган мижозлари билан рус тилида муомала қилишади.

Ўзбекистон MTRK нинг «Оилавий” телеканалида бир кўрсатувда бошловчи ва иштирокчи ўзбекча исмларни шунчалик бузиб талаффуз қиляптиларки, ўзбек томошабинининг уларни такрорлашга нутқ товуш органлари ожизлик қилади.

Телеканалларда  инглизча атамалар билан кўрсатувлар намойиш этилмоқда.  Аммо “Re star”, “The cover up”, “Music show”, “Hit parad”, “Real Hit”  каби кўрсатувларни томоша қила туриб, улар нима учун бундай номланган экан, дея бошингиз қотади.

“Чиндан ҳам , ўзбек сўзлашув тили ғоят қашшоқлашиб бораётир. Бу ҳол бизнинг маданий миллат деган номимизга ҳеч ярашадими?!  Миллат аҳли орасида сўзни танламай ишлатиш одати кенг ёйилди. Тилга эътиборсизлик ҳатто оддий ҳолга айланди, дейиш мумкин. Чунки жамиятда интеллектуал-эстетик савия пасайгани кузатилмоқда. Китобхонликка давлат миқёсида эътбор қаратилаётганига ҳам сабаб аслида шу! Миллатнинг каттадан-кичиги қадар ўз асл сўзларимиз қолиб, ёт сўзларни пала-партиш қўллаш касалига йўлиққан. Негадир, “тушлик”, “бекат”, “чиқит”, “кўприк” сингари ўзбек сўзлари ўрнига “абед”, “астановка”, “мусор”, “мост” сўзларини ишлатиш ялпи тус олди. Ҳатто адабий асарларда ҳам “бутилка”, “топчан”, “водка” каби сўзлар бемалол қўлланилаётир. Ёмони, бу кечим тўхтагани ҳам, пасайгани ҳам йўқ.” (Қозоқбой Йўлдош. Ўзлик қўрғони. “Тафаккур” журнали, 2018 йил, 1-сон, 24-бет.)

Олимлар, тилшунослар, тадқиқотчилар ўзбек тилининг табиатини сақлаб қолиш юзасидан босма ва электрон ОАВ да ўз фикр мулоҳазаларини билдирмоқдалар. Қалб ва қиёфа уйғунлиги, маданий савия, эстетик дид, адабий тил меъёрлари, қадрият ва анъаналарнинг ўзига хос қирраларини авлоддан-авлодга гард юқтирмай ўтказиш она тилимизга ҳурмат ва эътиборимизга жуда-жуда боғлиқдир.